Янги йил байрами арафасида бозорларимизда нарх-наво барқарорлиги таъминланганми?

28.12.2020, 12:12

Янги йил байрами арафасида бозорларимизда нарх-наво барқарорлиги таъминланганми?

Ҳар йили Янги йил байрами арафасида талаб ошишини инобатга олиб, деҳқон бозорлари ва йирик савдо объектларида энг зарур турдаги озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилади. Бундан кўзланган асосий мақсад расталар тўкинлиги, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва маҳсулотларни арзон нархларда аҳолига етказиб беришдир.

Айни шу мақсадда Уйчи туманидаги савдо растларидаги бугунги ҳолатни ўргандик. Туман марказидаги ”Уйчи тумани: табиат саховати ярмаркаси”да қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилган. Бу ерда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотуви йўлга қўйилган. Нархлари анча арзон ҳамда маҳсулотларнинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мол гўшти қатъий 48 минг сўм белгиланган нархда сотилмоқда. Шунингдек, тухум, балиқ маҳсулотлари сотуви ҳам йўлга қўйилган.

Аҳолига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотилишини узлуксиз таъминлаш ҳамда нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида “Улуғ Султон Зиё”фермер хўжалиги томонидан туман марказида “Элга хизмат”арзонлаштирилган савдо дўкони ташкил қилинган. Бу ерда асосан аҳолининг мол ва парранда гўшти маҳсулотларига бўлган талаби қондирилмоқда.
Бозордан нарх-наво бирмунча арзон.

Мутасадди вакиллар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси мавжудлиги ҳолатини ҳам ўргандик. Қиш ва баҳор ойлари учун туман бўйича жами саккизта тайёрловчи корхона томонидан картошка, пиёз, сабзи, гуруч маҳсулотларидан 1222 тонна жамғарилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга келиб 1094 тонна жамғарилган, бу 89,5 фоизни ташкил қилади. Агрофирма ва фермер хўжаликлари томонидан 2422,1 тонна белгиланган режа 2900,5 тоннага, яъни 119,8 фоизга бажарилганлиги маълумотларда акс этган. Ана шундай тайёрловчи корхоналардан бири “Mega ise home invest” МЧЖнинг музлатгичли омборида бўлдик. Бу ерда 107 тонна картошка, 154 тонна сабзи ҳамда мева маҳсулотлари сақланмоқда. Аҳолининг картошкага бўлган талаби юқори. Шундай экан, сифатли картошка маҳсулоти захирасига алоҳида эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Умуман олганда, бозорларнинг тўкинлиги ва нарх-навонинг барқарор туриши халқимизнинг байрам кайфиятини янада оширишга хизмат қилади. Бунга масъул бўлган барча хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, жойлардаги депутатларнинг ҳам фаоллиги зарур. Шулардан келиб чиқиб, туманда Янги йил байрамини кўтаринки руҳда кутиб олиш мақсадида мутасаддилар барча чораларни кўришаётгани қувонарлидир.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    585
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+