Руҳи баланд ёшлармиз

28.12.2020, 18:11

Руҳи баланд ёшлармиз

Руҳи баланд одамнинг мақсади улуғ ва қадами қатъиятли бўлади.

Бундай инсон қийинчиликларни писанд этмайди, улардан ўз кучи, иродаси, ақлига таянган ҳолда чиқиб кета олади. Бундай одамни енгиб бўлмайди. Давлат раҳбарининг Ўзбекистон ёшлар форумида айнан навқирон ёшдагилар билан учрашуви, самимий мулоқоти бутун мамлакатдаги ёшларни руҳлантирди. Кўнглимизга туккан умидларимизни оловлантирди, режаларимиз, мақсадларимизни юксакроқ олишимиз кераклигини, кучли ва ташаббускор бўлишимиз лозимлигини уқтирди.

Айниқса, Президентимизнинг ёшларга қилган мурожаатида 2 ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида ўқийдиган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилиши, ёшлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни молиялаштириш учун 100 миллион доллар ажратилиши, ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилиши яна бир имконият бўлди. Бу имконият кўплаб тадбиркорлигини бошлаш ниятида юрган тенгдошларим учун ҳам қулайлик яратади.

Албатта, мурожаатда ўртага ташланган айрим масалалар O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши «Ёшлар қаноти»нинг олдига ҳам масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, йўл харитамизга ҳам ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топишлари, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашувчи лойиҳалар, вазифаларни амалга оширишни белгилаб олдик. Жумладан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи спортнинг футбол ҳамда волейбол тури бўйича «Ўзбекистон кубоги» мусобақаларини ташкил этиш, ёш фермерларнинг тажрибасини оммалаштириш орқали уларнинг сафини кенгайтириш, «Замонавий касблар» маҳорат дарсларини ташкил этиш ва ёшларни тадбиркорларга бириктириш орқали уларнинг тажрибасини ўргатиш каби лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб олдик. «Ёш инновациячи» стипендияси танловини эълон қилиш орқали эса илмий изланиш қилаётган, янги инновацион лойиҳалар муаллифларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Буларнинг барчаси партиямиз фаоллари бўлган тенгдошларимизни ҳаётида бурилиш ясаши, эзгу ишлар ва мақсадлар сари ундашга хизмат қилади.

 Хумойиддин НУРФАЙЗИЕВ,

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

ёшлар билан ишлаш бўлими раҳбари

  • Кўрилди
    570
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+