Соғлом ҳолатда, шижоатли ёшларимиз билан барча кўзлаган мақсадларимизга эришамиз

29.12.2020, 14:28

Соғлом ҳолатда, шижоатли ёшларимиз билан барча кўзлаган мақсадларимизга эришамиз

Муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини барчамиз оинаи-жаҳон орқали тўғридан-тўғри кўрдик. Шахсан мен ҳам мазкур Мурожаатномада депутат сифатида Фарғона вилояти ҳокимлигида ташкил этилган студия орқали иштирок этиб, ўз олдимга бир қатор вазифаларни белгилаб олдим. Мурожаатномада ўтган йилларда қилинган ишлар сарҳисоб этилиб, келгуси йилларда мамлакатимизни янада ривожлантириш борасида қилиниши лозим бўлган ишлар алоҳида эътироф этилди.

Барчамизга маълумки, 2020 йилда бутун дунё халқлари коронавирус пандемияси оқибатларидан бирмунча азият чекди. Ўз навбатида, мазкур пандемия Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар, белгиланган махсус дастурлар туфайлигина ушбу вирус оқибатларини юмшатишга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга эришилди. Мурожаатномада даставвал шу хусусида фикр юритилди.

Пандемия шароитида халқимиз ўзининг миллий қадрият, меҳр-оқибат, саховат ва мурувват каби азалий анъаналарига содиқ қолди. Шу туфайли ҳам кам таъминланган оилалар, якка ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор фуқаролар халқимизнинг эътиборида бўлди. Уларга ҳар томонлама моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Пандемия даврида Хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошимиз юртимизга олиб келинди. Чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилгани Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилди. Бундан ташқари, пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога жами 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди.

Ҳа, пандемия даврида барча соҳалар давлатимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Хусусан, тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилди. Тадбиркорлик субъектларига 100 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп кредитлар ажратилди. 2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди. Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар янада қўллаб-қувватланишини таъкидлаб, “Тадбиркорлик кодекси” ишлаб чиқилишини таъкидладилар.

Янги 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йил тўлади. Албатта, бу тарихий санани “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қиламиз.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятидан келиб O'zLiDeP ҳам ўз олдига долзарб вазифаларни белгилаб олди.

Юртбошимиз юртимизда таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари эканлигини эътироф этиб, кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф этдилар. Мазкур таклиф барча юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланди.

Ҳа, бугунги кунда давлатимиз Учинчи ренессанс бўсағасидадир. Бунда ёшларни илм-фанга бўлган қизиқишларини ошириш, қўллаб-қувватлаш борасида аниқ тизимли ишлар олиб борилаётир. Бу йўлда, албатта, соғлик муҳим ўрин тутади. Зеро, соғ танда соғлом ақл, деганларидек, барчамиз соғлом ҳолатда, шижоатли ёшларимиз билан барча кўзлаган мақсадларимизга эришамиз.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатнома келгуси йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга юксак ишонч билан яшашлари учун барча шароитларни яратишга мўлжаллаган муҳим ҳужжатдир.

Нафисахон ЭЛЧИЕВА,

O'zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши аппарат раҳбари,

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    704
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+