Малакали кадрлар – жамият ривожи учун муҳим

29.12.2020, 16:59

Малакали кадрлар – жамият ривожи учун муҳим

Муҳтарам юртбошимиз бугун парламентга ва бутун халқимизга катта мақсадлар рўёбини берди. Чунки, Мурожаатномада кўтарилган ҳар бир масала, ўрганилган ҳар бир соҳа, белгиланган ҳар бир вазифалар ижроси замирида бутун бир халқимизнинг эртанги кундан миннатдорлик ҳисси мужассам.

Мурожаатномада ёшларга эътибор ҳар қачонгидан ҳам ошди. Бола туғилганидан бошлаб, уни камолга етишида, таълим-тарбия олиши, улғайиб камолга етиб, касб-ҳунар эгаллаши, олий таълимга, чет элдаги ривожланган таълим даргоҳларида билим олишлари, иқтидорли ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш, барча ёшларни билим олишга йўналтиришда катта амалий жараёнлар олиб борилиши белгиланди.

Бунинг учун юртимизда таълим сифатини тубдан яхшилаш мақсадида, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро дастурларга мослаштириш лозимлиги, болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун уларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар яратиш зарурлиги, бу борада келгуси ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилиши белгиланди.

Бола-бошидан деганларидек, олий таълимга тайёргарликни болаларни кичик ёш давридан бошлаш, уларни билим олишга қизиқтириш катта мақсад қилиб белгиланди. Бир сўз билан айтганда ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтиришга қаратилган узлуксиз таълим тизими яратилади.

         Олий таълимни ислоҳ этиш профессор-ўқитувчиларнинг малакаси, маҳорати ва билимига боғлиқ. Бу борада яна бир масала – педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, уларнинг, “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида, ўз малакасини узлуксиз ошириб бориши йўлга қўйилади.

Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозимлигини, муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур.

Бизни алоҳида қувонтирадиган яна бир муҳим йўналиш, олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги йилдан бошлаб, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиш таъкидланди.

Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши эса кўнгли ўксик қизларимизнинг ҳаётда ўзларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга туртки бўлади.

Ёшлар энг нуфузли олийгоҳларга кириш учун интилишларини инобатга олиб, хусусий олийгоҳларга ҳам керакли мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйиладиган бўлди.

Таълим тизимига эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда ва бу янги йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилганидан, келгуси йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилиши ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилиши, ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилиши сўзимнинг исботи бўла олади.

Биз каби магистратурани тугатган ёш ходимларни олий таълимда фаолият юритишимиз, илмий изланишлар олиб боришимиз ва албатта илмий салоҳиятга эга бўлишимизда яна бир катта қадам ташланди.

Кейинги пайтда илғор халқаро амалиёт асосида, доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилиши билан ҳар бир ёш педагогнинг марказга бориб-келиб вақт йўқотиши, оиласидан узоқда илмий иш қилиши каби овворагарчиликларнинг, моддий-маънавий зараларнинг олдини олишга катта ёрдам беради. Шунингдек, илмий раҳбар билан илмий иш олиб бораётган педагог кўпроқ бирга ишлашга, илмий изланишлар олиб боришга катта ёрдам беради. Бу ҳам биз каби олий таълимга қадам қўяётган янги педагог-ходимлар учун катта бир имконият, катта бир умид беради.

Давлатимиз раҳбарининг биз, ёшларга қаратаётган бу каби улкан эътирофи ва эътиборига жавобан, ҳар биримиз тинмай билим олишга, илмий изланишлар олиб боришга ва юртимизда таълим тизимини янада юқори босқичга кўтарилишида албатта ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз ва барча тенгдошларимизни бунга тарғиб қиламиз.

Нилуфар Джаббарова,

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим сектори мудири

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    637
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+