O‘zLiDeP Президент Мурожаатномасидан келиб чиқувчи асосий устувор вазифаларни белгилаб олди

30.12.2020, 17:01

 O‘zLiDeP Президент Мурожаатномасидан келиб чиқувчи асосий устувор вазифаларни белгилаб олди

Жорий йилнинг 30 декабрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи партия олдидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишни парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов кириш сўзи билан очаркан, Мурожаатномада тараққиётимизнинг янги даврини бошлаб берган 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар сарҳисоб қилиниб, мамлакатимизни 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилганини қайд этди.

Таъкидланганидек, Мурожаатномада кўплаб масалалар қатори тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилиши айтиб ўтилди. Чунки пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшди. Шу боисдан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг парламентдаги фракцияси тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлайди, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашда бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

Тан олиш керак, айрим жойларда давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддилар томонидан тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари ҳали-ҳануз давом этмоқда. Мурожаатномада бундай мансабдорларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Бизнес-омбудсманга ваколат бериш таклифи илгари сурилгани мамлакатимизда тадбиркорликни кенг қулоч ёйишига хизмат қилади. Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилиниши, 115 таси бўйича тартиб-қоидалар соддалаштирилиши эса соҳа тараққиётига қаратилган муҳим қадамдир.

O‘zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси ҳам пандемия шароитида айланма маблағ танқислигига дуч келган тадбиркорларимиз оёққа туриб олишлари учун уларга кўмак беришни давом эттириш тарафдори. Тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши партия электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар учун ҳақиқатдан кутилмаган воқелик бўлди.

–Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди. Зеро, Мурожаатномадаги масалаларнинг аксарияти партиямиз ғояларига жуда уйғун, – дейди  O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов. – Давлатимиз раҳбари ўз нутқида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартириш ҳамда Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш таклифини илгари сургани том маънода тарихий воқеа бўлди. Чунки бугунги кунда тадбиркорлик соҳасига оид бўлган 14 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари мавжудлиги тадбиркорлар учун қийинчилик туғдираётган эди. Шу жиҳатдан партиямиз сайловолди дастурида белгиланган ушбу кодексни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам қилиб тайёрлаш, зарур таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш зиммамизга катта масъулият юклайди. Янги кодексни қабул қилиниши эса тадбиркорлар, хусусий секторда меҳнат қилаётган ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиради, тадбиркорликнинг жадал ривожи учун мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.

Қўшма йиғилишда партиянинг барча ҳудудий ташкилотлар, қуйи бўғин аъзолари ва жамоатчилик ўртасида Президентимизнинг тарихий Мурожаатномасини кенг муҳокама қилиш, муҳокамаларда O‘zLiDeP фракцияси ҳамда депутатлик гуруҳлари аъзоларининг иштирокини таъминлаш лозимлиги қайд этилди. Бунда шунчаки қуруқ тадбирбозликдан, умумий гаплардан қочиб, кўпроқ масаланинг моҳиятини очиб беришга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.  

Шунингдек, партия ҳудудий Кенгашлари, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда давра суҳбатлари ва жонли мулоқотларда билдирилган фикрларни умумлаштириш ва қонунчиликка киритишни устувор вазифа сифатида қарайди.

Йиғилишда мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилгани O‘zLiDeP зиммасига улкан масъулият юклаши таъкидланди. Бу борада партия ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқаришга катта эътибор қаратади.

Партия Мурожаатномада таъкидланган масала – ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришга ҳам алоҳида эътибор билан ёндашади. Зотан, бу партия дастури ва сайловолди Платформасидаги устувор йўналишлардан биридир. Тадбирда партия бу йўналишда ҳам мамлакат Президенти Мурожаатидан келиб чиқиб бир қатор янги лойиҳаларни режалаштираётгани таъкидлаб ўтилди.

–Халқимиз давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ҳар йили интизорлик билан кутади, – дейди парламент қуйи палатаси депутати А.Аслонов. – Чунки ҳар гал янги йил олдидан йилларга ном бериш ва ундан келиб чиқиб давлат дастурларининг эълон қилиниши анъанага айланган. Бу галги Мурожаатнома том маънода, мамлакатимизни янада юксалтириш, тараққиётини таъминлашга қаратилди, десак янглишмаймиз. Айниқса, жорий йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши ҳақиқатдан тарихий воқелик бўлди. Зотан, ҳар бир давлат ривожи, келажаги ёшлар билан боғлиқ.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб O‘zLiDeP ишчи дастури режаси тасдиқланди.

  • Кўрилди
    1241
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+