“Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”

04.01.2021, 11:01

“Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2021 йил учун режа ва дастурлар белгиланди.

Ушбу тарихий Мурожаатномада ёшлар билан ишлаш устувор вазифалардан бири экани таъкидланди. Ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилиши айтиб ўтилди. Чунки, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтириши аниқ.

Мурожаатномада қайд этилганидек, бу борадаги ислоҳотлар келгуси йилдан “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган ғоя асосида амалга оширилади. Бунда ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия бериш ишлари янада юқори босқичга кўтарилади. Энг муҳими, улар замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида таълим олади, тарбияланади.

Аҳамиятли томони, йигит-қизларнинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатилиши, тадбиркорлик кўникмаларининг шакллантирилиши янги қиёфа касб этади, янги ташаббуслар билан юз очади.

Мурожаатномадаги топшириқлар, қўйилган устувор вазифаларни ўттган йилдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида кўриш мумкин.2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилишида жуда катта маъно бор. Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ҳам “Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”, деб бежиз айтмаган. Зотан, янги Ўзбекистонни фақат билимли ва бунёдкор ёшлар билан  биргаликда барпо этиш мумкин.

Умуман олганда, ёшларни ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришиши учун кенг имкониятлар яратиш – энг муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. Шу жиҳатдан уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш, иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлашда барчамиз фаол бўлишимиз керак. Фақат шундагина ёшларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади.

 

Абдулла РЎЗМЕТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    1649
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+