Банкларда давлат улуши қисқаради

04.01.2021, 11:03

Банкларда давлат улуши қисқаради

Жорий йилнинг 29 декабрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси бўлиб ўтди. Мурожаатномада “Илм маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгуси 2021 йилда мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Президентимиз Мурожаатномада сўнгги тўрт йилда иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларига бозор механизмларини жорий этиш борасида жиддий қадамлар ташланганлигини, жумладан тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилганлиги, тадбиркорлик субъектларига 100 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп кредитлар ажратилганлигини кўрсатиб, 2021 йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлишини таъкидлаб ўтдилар.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистонни яқин истиқболда ривожлантиришнинг устувор жиҳатлари янграган Мурожаатноманинг аксарият қисми иқтисодиёт соҳаларини ривожлантиришга қаратилди. Бу албатта, ҳозирда жаҳонда кузатилаётган мураккаб вазиятда мамлакатимизни ҳар жиҳатдан тараққий эттиришда ўта долзарб ҳисобланади.    

Мурожаатномада давлат улуши бўлган корхоналар сони келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилиши, банклар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш давлатнинг эътибор марказида бўлиши ва 2021 йилда “Саноатқурилишбанк”, “Асака банк”, “Ипотека банк”, “Алоқабанк”, “Туронбанк” ҳамда “Қишлоқ қурилиш банк”ни хусусийлаштиришга тайёрланиши ва камида битта йирик банкдаги давлат улуши стратегик инвесторларга тўлиқ сотилиши юзасидан етакчи Европа банклари билан музокаралар олиб борилаётганлиги қайд этиб ўтилди.

Бугунги кунда хусусий банклар Ўзбекистонда сон жиҳатдан кўп бўлса ҳам, айни вақтда хусусий банкларнинг банк хизматлари бозоридаги улуши бор-йўғи 15 фоизни ташкил этади. Банк тизимида давлат улушининг юқори миқдорда сақланиб қолиши ушбу тизимнинг умумий ривожланишига ҳамда самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Хусусий банклар сонининг кўпайиши банк тизимидаги рақобат муҳитининг кучайишига хизмат қилади.

Банкларнинг хусусийлаштирилиши натижасида ушбу молия муассасаларида корпоратив бошқарув ва риск-менежмент тизимлари такомиллашади ҳамда банк тизимига янги технологик ечимлар ва илғор хорижий тажриба кириб келади, шунингдек хусусийлаштирилган банкларда бизнес-моделлар ўзгариб, уларнинг мижозларга йўналтирилганлик даражаси ошади.

Умуман олганда Ўзбекистонда банкларнинг хусусийлаштирилиши натижасида етарли молиявий имкониятларга эга нуфузли акциядорларга йўл очилиб, банк хизматлари сифати яхшиланади, банк хизматлари ва маҳсулотларининг янги турлари пайдо бўлади, масофавий банк хизматлари доираси кенгаяди, пировардида аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилади.

Атхам НАЗИРҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    588
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+