Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг янги босқичи

04.01.2021, 11:05

Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг янги босқичи

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини бутун халқимиз интиқлик билан кутгани аниқ. Унда тилга олинган қайсики соҳа бўлмасин, аввало, туб илдизидаги мақсад халқ фаровонлиги, жамият тараққиётига қаратилди.

Мурожаатномада бирор соҳа эътибордан четда қолмади, ҳар бир соҳа ютуқ ва камчиликлари, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар билан бирга таҳлил қилинди. Ушбу тарихий нутқнинг қуйидаги жиҳатлари менда катта таассурот қолдирди. “Ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозим”, деди Президентимиз.

Мурожаатномада таъкидланганидек, сўнгги 4 йилда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 150 та қонун, 2 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди. Лекин жойларда барча раҳбарлар ҳам ушбу ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушуниб, берилган имкониятлардан фойдаланяпти, аҳоли ва тадбиркорларга зарур шарт-шароитлар яратяпти, деб бўлмайди.

Амалдаги назорат тизими эса кўпроқ формал тусга эга бўлиб, ижрони ташкил этишдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга йўналтирилмаяпти. Президентимиз келгуси йилда бу борада янги иш тизими жорий этилишини айтиб, Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилишдан иборат бўлишини билдирди.

Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилиши, жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилиниши айтиб ўтилди. Табиийки, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилиши, шунингдек, таҳлиллар асосида ижрога халақит бераётган ортиқча вазифа ва функциялар қисқартирилиши қисқа вақтда албатта, ўз самарасини беради.

Бу жараёнда давлат идораларидаги ижро сифати ва ҳолатини вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида, республика даражасида эса – Вазирлар Маҳкамасида ҳар ойда танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилиши энг оқилона ташаббусдир. Адлия вазирлиги барча ОАВ, жумладан, телевидение орқали “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда”, деган мавзуда кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиши шубҳасиз, Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини халқимизга етказиш, одамларнинг қалбига, юрагига кириб боришига хизмат қилади.

Бинобарин, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этмоқда. Бошқача, айтганда, улар том маънода “тўртинчи ҳокимият”га айланиб бораётир.

Тан олиш керак, танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмайди. Лекин бугун сўз эркинлигисиз, эркин жамиятни, тараққиётни тасаввур қилиб бўлмай қолди. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”. Шу сабабли сўнгги уч-тўрт йилда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар таҳлили, соғлом танқидий руҳ кучайиб бормоқда. Бу эса барча даражадаги раҳбар ва мутасаддиларни эл-юрт фикри билан, замон талаблари билан ҳисоблашган ҳолда ишлашга ўргатяпти.

Айтиш мумкинки, бугун юртимиздаги ислоҳот ва ўзгаришлар жараёни ортга қайтмайдиган ва ҳал қилувчи паллага кирмоқда. 2020 йил қанчалик синовли, оғир келган бўлмасин, ютуқларимиз кўплиги барчамизни қувонтиради. Юртимизда амалга оширилган изчил ислоҳотлар одамларнинг қалбига, юрагига кириб боряпти. Энг муҳими, ислоҳотлар самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этмоқда.

Жорий йилда мамлакатимизда олиб борилган жадал ислоҳотлар келгуси йилда ҳам Президентимиз бошчилигида янада қатъият, шижоат асосида, юксак марраларни кўзлаб давом эттирилишига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Чунки Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномоси мамлакатимиз ҳаётининг бундан кейинги тараққиёт уфқларига барчамизнинг нигоҳимизни қаратгани билан тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу тарихий ҳужжат ўзининг мазмунан бойлиги, кенг қамрови билан нафақат халқимизнинг, балки жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътибори, эътирофига сазовор бўлди. Шундай экан, партиямиз ташкилотлари, барча даражадаги депутатларимиз Мурожаатномада белгиланган вазифаларни аҳиллик, ҳамжиҳатликда, кўтаринки руҳда бажаришимиз лозим. Зотан, Мурожаатнома келгусида қилинадиган барча ишлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 

Фахриддин   САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    544
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+