Президент мурожаатномаси фаолиятимизда йўлчи-юлдуз вазифасини бажаради

04.01.2021, 14:49

Президент мурожаатномаси фаолиятимизда йўлчи-юлдуз вазифасини бажаради

Ортда қолган 2020 йилнинг охирги кунлари халқимиз учун муҳим сиёсий воқеаларга бой бўлди. Боиси Юртбошимиз Олий Мажлис палаталарига Мурожаатнома йўллади. Унда мамлакатимизни янада ривожлантириш борасида бир қатор долзарб вазифалар илгари сурилди, қилинган ишлар сарҳисоб қилинди.

Мурожаатномани мен ҳам фуқаро, ҳам депутат сифатида катта мамнуният билан қарши олдим. Боиси Президентимиз томонидан бизнинг зиммамизга ҳам бир қатор долзарб вазифаларнинг бажарилиши бўйича катта ишонч билдирилди. Эндиликда биз, депутатлар Мурожаатномадан ўрин олган вазифаларни фидойилик билан бажариб, ушбу юксак ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.

Мазкур Мурожаатномада барча соҳа ва тармоқлар қатори тадбиркорликни ривожлантириш, бу орқали ёшлар ва ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастуридан Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш, саноатнинг юқори технологияли тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинишини рағбатлантириш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришга йўналтирилган фаол инвестициявий сиёсат юритилиш ўрин олган.

Партиямиз Ўзбекистоннинг «Бизнесни юритиш», глобал рақобатбардошлик (GCI), инновациялар (GII), саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан ўрин эгаллашига кўмаклашади.

Шунингдек, биз сайловолди дастуримизда бизнес юритишнинг олис истиқболга мўлжалланган имкониятини таъминлаш, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари мавжудлигини инобатга олиб ҳамда давр талабларидан келиб чиқиб тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва либераллаштириш мақсадида ягона Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқишни мақсад қилиб олган эдик.

Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатларида “Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади” дея таъкидлаганлари барча партиямиз ҳайрихоҳларини бирдек қувонтирди.

Президентимизнинг «Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилади. Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак, пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшдилар. Шунинг учун барчамиз тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз шарт. Бу борада ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш – барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифаси бўлиши лозим», деганликлари тадбиркорлар ҳамиша давлат раҳбари эътиборида эканлигидан далолат беради.

Юртимизда келгусида тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, Ҳукумат томонидан Жаҳон банки билан биргаликда бошланган қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади.

Иқтисодиёт ривожланишининг инновацион йўлига ўтишини рағбатлантирувчи рақобатбардош бозорни шакллантириш, рақобатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг имкониятларни яратиш ва ички бозорнинг монополлашувига йўл қўймаслик, давлат-хусусий шерикчилигини такомиллаштириш – партия иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишидир. Хусусан, мамлакатимизда Давлат хизматлари сифатини ошириш, замонавий халқаро стандартлар ва корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, давлат харидларининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида ҳам қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Келгусида Тадбиркорлар академиясини, соҳага қизиқаётган ёшлар учун эса консалтинг марказларини ташкиллаштиришни ҳам партиямиз ўз олдига мақсад қилиб олган.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада илгари сурилган барча таклиф ва ташаббуслар юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, фуқароларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун хизмат қилади. Шунингдек, ушбу тарихий нутқ келгуси фаолиятимизда йўлчи-юлдуз вазифасини бажаради.

Раҳматулло КАМОЛОВ,

O'zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    744
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+