Хивалик O’zLiDeP депутатлари мехрибонлик уйидаги болалар ҳолидан хабар олди

06.01.2021, 14:25

Хивалик O’zLiDeP депутатлари мехрибонлик уйидаги болалар ҳолидан хабар олди

Янги йил хаммадан кўра болажонларга катта қувонч ва орзу-умидлар бағишлайди. Шу сабаб қиш фасли келиши билан жажжи қалблар қувончга тўлади. Болажонларнинг ана шундай қувончларига шерик бўлиш, уларни янада хурсанд қилиш ва айниқса, меҳр ва эътиборга муҳтож бўлган болаларни байрам билан қутлаш мақсадида O’zLiDeP Хива шаҳар Кенгаши раиси, депутат А.Бобожанов ташаббуси билан катта ҳайрия тадбири ўтказилди.

Хоразм вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Ш.Атажанов, Хива шаҳар Кенгашидаги барча O’zLiDeP депутатлари Хива шаҳар Болалар шаҳарчасида тарбияланаётган болажонларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг яшаш шароитлари, имкониятлар ва мавжуд муаммоларини ўргандилар.

Виктория Юсупова раҳбарлик қилаётган мазкур муассаса 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда 88 нафар болалар тарбияланмоқдалар.

“Бугун ушбу мурғак қалб эгалари бўлган болажонларни байрам билан қутлар эканмиз, кўзимизга ёш келди. Ҳар бири билимли, тарбияли, меҳрибон ва ташаббускор. Тақдир сабаб уларнинг меҳрибонлик уйларида тарбияланаётганига ачинасан. Шукурки, юртимизда яратилаётган имкониятлар сабаб бу ерда ҳам болажонлар учун барча шароит ва имкониятлар етарли. Насиб қилса, бу ердаги ҳар бир фарзандимиз албатта, эртага ўз ўрнига муносиб бўлган комил фарзандлар бўлиб етишади”, - дейди депутат А.Бобожанов.

Таъкидлаш жоизки, мазкур шаҳарчадаги ўғил-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида “Уй-рўзғор академияси” ташкил қилинган. Қизлар учун “Тикувчилик”, “Моҳир қўллар”, “Ораста қизлар”, ўғил болалар учун “Ёш боғбонлар”, “Гулчилик”, “Ланшафт дизайни”, “Дурадгорлик” ва “Маиший техника воситаларини тузатиш” каби тўгараклар самарали фаолият олиб бормоқда.

Тадбир давомида болажонларнинг ҳар бирига депутатлар томонидан байрам совғалари топширилди ва уларга самимий тилаклар билдирилди.

Нилуфар Джаббарова,

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим сектори мудири

  • Кўрилди
    926
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+