Тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз шарт!

07.01.2021, 14:20

Тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз шарт!

Ўтган 2020 йил сўнггида муҳтарам Президентимиз томонидан Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатнома келгуси йилдаги вазифаларимизни аниқ белгилаб олишимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлди.

Давлатимиз томонидан таъкидланганидек, янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади. Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади.

Албатта, бу йўналишдаги ишларнинг биз учун энг муҳим жиҳати шундаки, партиямиз уставида белгиланган устувор мақсадлар, яъни, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилади. Аммо шу ўринда бир нарсани айтиш жоиз. Пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшдилар. Президентимиз томонидан бу борадаги ишлар алоҳида эътироф этигани ва “шунинг учун барчамиз тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз шарт”, деган сўзларидан янада куч оламиз.

Ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифаси бўлиши лозимлиги қайд этилган Мурожаатномада белгиланган вазифалар сайловолди дастурларимизда олдимизга қўйган мақсадларимизга ҳамоҳанглиги фаолиятимизни меъёрда олиб боришимизга хизмат қилади.

Бироқ кўз юмолмаймизки,  айрим жойларда тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари давом этмоқда. Бу масалада Мурожаатнома давомида давлатимиз раҳбари томонидан давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддиларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Бизнес-омбудсманга ваколат бериш таклифини тадбиркор сифатида ҳам, депутат сифатида ҳам қўллаб-қувватлайман.

Партиямизнинг мақсадларидан бири тадбиркорларга қулайлик яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини кенгайтириш экан, келгуси йилда Мурожаатномада илгари сурилган ташаббусларга биз ҳам шижоат ва сидқидилдан қилинган меҳнатимиз билан жавоб берамиз. Масалан, янги йилдан тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилиниши, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидаларнинг соддалаштирилиши айни йўналишдаги ишларимизни янада янги марраларга олиб чиқишимизда муҳим омил бўлади.

Шуҳратбек КАРИМОВ,

Халқ депутатлари Андижон

шаҳар кенгаши депутати

 

  • Кўрилди
    568
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+