O'zLiDeP фракцияси 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси учун таклифлар берди

08.01.2021, 11:18

O'zLiDeP фракцияси 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси учун таклифлар берди

Жорий йилнинг 7 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги вазифалардан келиб чиқиб, 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасига таклифлар олиш масаласи муҳокама қилинди.

Йиғилишда сўз олган парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси фракция фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирганини айтиб, ундаги вазифалар ижросини таъминлаш, электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқот қилиш депутатларнинг устувор вазифалари этиб белгиланганини таъкидлади.

–Мурожаатномада кўтарилган барча масалалар, тилга олинган ҳар бир соҳа, белгиланган долзарб вазифалар ижроси замирида бутун халқимизнинг эртанги куни мужассам, – деди А.Ҳаитов. – Нутқда белгиланган марралар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганки, уларнинг бажарилишида барчамиз бирдек масъул бўлишимиз лозим. Бу жараёнда мамлакатдаги етакчи сиёсий партия сифатида Мурожаатномада баён этилган мақсад ва вазифаларга эришиш йўлида бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур.

Йиғилишда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури лойиҳасига O'zLiDeP йўналиши ва ғояларидан келиб чиқиб, аввало аҳоли ва партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган бир қатор таклифлар билдирилди. Бу албатта, уларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш билан қараб, ушбу ислоҳотларда кузатувчи сифатида эмас, балки фаол иштирокчи сифатида қатнашиш истагида эканликларини намоён этмоқда.

Масалан, халқ вакиллари Дастур лойиҳасига партия электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган қатор қонунларни яратиш бўйича аниқ таклифларни илгари сураётгани бизнес вакилларини мамнун этиши аниқ. Шу маънода, лойиҳада партия томонидан кўтариб чиқилаётган тадбиркорликка оид кўплаб масалалар акс этиши лозимлиги таъкидланди.

Эътиборга молик жиҳати, 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасида тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва либераллаштириш мақсадида ягона Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш масаласи илгари сурилдики, бу тадбиркорлар, хусусий секторда меҳнат қилаётган ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириши, тадбиркорликнинг жадал ривожи учун мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилиши тайин.

Халқ орасида юриб, одамлар билан очиқ мулоқотда бўлиш, уларнинг дардини эшитиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Зотан, ҳозир айни шу тамойил энг долзарб масалага айланган.

Фракция йиғилишида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитовнинг таъкидлашича, муаммолар очиқ мулоқотларда маълум бўлади, ҳамкорлик ҳамжиҳатликда кенгаяди, ривожланади. Демак, халқ вакиллари шу қоидага амал қилган ҳолда халқ ҳаётини ҳар томонлама ўрганиб, муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриши лозим.   

–Инсон қачон хотиржам ҳаёт кечиради, қачонки доимий иш жойига эга бўлса, оиласида муаммоси бўлмаса, – дейди А.Ҳаитов.– Шу жиҳатдан бундан буёғига жойларда қандай камчиликлар борлигини билиш учун одамлар билан юзма-юз суҳбатлашиб, турмуш шаротини ўз кўзимиз билан кўриб, мавжуд муаммоларга жиддийроқ эътибор қаратишимиз керак. Энг муҳими, ҳар қандай мурожаатни эътибордан четда қолдирмаслигимиз зарур. Бинобарин, бугун Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорлар замирида ҳам халқимиз ҳаётини яхшилаш, ёшларнинг эртанги кунига замин яратиш мақсади мужассам.

Йиғилишда фракция ваколатларига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    603
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+