Мурожаатноманинг моҳияти фуқароларга етказилмоқда

11.01.2021, 17:57

Мурожаатноманинг моҳияти фуқароларга етказилмоқда

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб барча соҳалар қатори ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши вакиллари ҳам ўз олдига аниқ ва мақсадли вазифаларни қўйди.  Ҳозирда партия томонидан жойларда Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифаларни ҳамда партиянинг мақсадини фуқароларга етказиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири “Фарғона халқаро аэропорти” МЧЖда ташкил этилган бошланғич партия ташкилотида ўтказилди. Унда партиядан сайланган вилоят ва Фарғона шаҳар Кенгаши депутатлари, аэропорт ходимлари иштирок этди.

2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Албатта, бу бўйича бажарилиши зарур бўлган ишларни партия ўз олдига белгилаб олди. Хусусан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган юртдошларимизни иш билан банд қилиш, оилавий иқтисодиётларини мустаҳкамлашларига кўмаклашиш O'zLiDePнинг биринчи галдаги вазифалари сирасига киради. Бу йўлда айниқса, томорқадан самарали фойдаланиш, йилиги 3-4 маротаба ҳосил олиш муҳим аҳамият касб этади. Ўтган йилда партия ходимлари ва депутатлар ҳудудларда юриб, фуқароларга бу бўйича маҳорат дарсларини ўтгани, бир гуруҳ эҳтиёжманд оилаларга бодринг, помидор, қалампир, булғор қалампирининг минглаб кўчатларини бепул тарқатилгани фуқароларга пандемия даврида айни муддао бўлди. Боиси карантин даврида бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари ўз томорқаларида етиштириб, ортиқча сарф-харажатларга барҳам бердилар.

Сўз олганлар ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи доимий эътибор марказида бўлишини таъкидлашди. Шунингдек, иштирокчиларга Мурожаатномадан ўрин олган ташаббуслар ҳақида маълумот берилар экан, тиббиёт соҳасига алоҳида урғу берилди.

Тадбирда иштирок этган O'zLiDePдан сайланган Фарғона вилояти Кенгаши депутати, Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиника бош шифокори Ферузахон Мадалиева пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилаётганини, жумладан, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.

Тадбир доирасида аэропортнинг бир гуруҳ ишчи-ходимлари ЎзЛиДеП сафига қабул қилиниб, уларга партияга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, партиянинг фаол ёшлари ташаккурномалар билан тақдирланишди.

Ш.ТЎХТАМАТОВ,

O'zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши

матбуот котиби.

  • Кўрилди
    501
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+