Экологик мувозанат барқарорлигини таъминлаш ҳаракатини қатъий давом эттириш – кечиктириб бўлмас вазифа

12.01.2021, 12:07

Экологик мувозанат барқарорлигини таъминлаш ҳаракатини қатъий давом эттириш – кечиктириб бўлмас вазифа

Одатда қайсидир лойиҳани амалга ошириш учун қанчадир муддат белгиланади, вақт талаб этилади. Бу табиий жараён. Аммо экологик мувозанатнинг барқарорлаштириш, бу соҳада амалга оширилиши мўлжалланган ишларни зинҳор кечиктириб бўлмайди. Бунда ҳар бир лаҳза олтин билан баравар. Сабаби бор нарсани вақтида қадрига етилмаса, эътиборсиз қолдирилса, кейин қанча маблағ сарфланса-да, қайта тиклашнинг имконияти бўлмайди. Экология ва атроф муҳит муҳофазаси ҳам ана шундай кечиктириб бўлмас вазифалар сирасига киради.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам барча соҳалар қатори экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, минтақамизда ва бутун дунёда экологик ҳолатнинг ёмонлашиб бораётгани бизни жиддий ташвишга солаётганлиги, қўшни давлатлар ва жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожеалар таъсирини юмшатишга қаратилган ҳаракатларни қатъий давом эттириш билдирилиб, денгизнинг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазорлар ташкил этиш, Оролбўйида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари халқимизни юксак марралар сари руҳлантираётганлиги таъкидланди.

Кўриниб турибдики, долзарблиги жиҳатидан биринчи ўринда турадиган бу муҳим вазифаларни бажаришда биз депутатлар ҳам фаол бўлишимиз, масалани жиддийлигини ҳисобга олиб, қатъий ҳаракат қилишимиз лозим.  Бу масалани биз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан “Экологик барқарорлик – мамлакат хавфсизлигининг муҳим омили” мавзусида фракциялараро баҳс-мунозара давомида ҳам муҳокама қилдик, зиммамиздаги вазифаларни белгилаб олдик.

Энди савол туғилиши мумкин. Экология ва атроф муҳит муҳофазаси бўйича саъй-ҳаракатларни нимадан бошлашимиз лозим? Бу масалани аҳоли, кенг жамоатчилик эътиборини тортиши, юракдан ҳис қилиши учун қандай йўл тутишимиз керак? Ҳамма муаммо аслида шунда. Чунки биринчи навбатда аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, экологик мувозанатнинг бузилиши қандай оқибатларга олиб келишини кенг жамоатчилик онгига сингдириш, айниқса, ёшларимиз онгу тафаккурига зарарли одатлардан воз кечиш, она табиатни севиш туйғуларини олиб киришни муҳим вазифа деб ҳисоблайман.

Яна бир долзарб масала – сувни тежаш, ундан унумли фойдаланишга ўрганишдир. Тан олишимиз керак, сувни тежаш кўп гапирилаётган бўлса-да, бунга ҳеч амал қилаётганимиз йўқ. Дунё миқёсида жуда танқис ҳисобланган ичимлик сувини истаганча исроф қилаяпмиз, кўздан пана қилиб, экин суғораяпмиз, жумраклардан оқиб ётишига беэътибор қараяпмиз. Бунга нега йўл қўяяпмиз? Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳам ватанпарварлик эканини ёшларимиз ҳис қилиши учун нима иш қилаяпмиз. Бу саволларга аниқ жавоб берадиган одамни топиш амри маҳол.

Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари фракциялараро баҳс-мунозараларда томчилатиб суғориш технологияларини харид қилиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларига кредит ва грантлар миқдорини ошириш масаласини кўтариб чиқишди ва буни мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Шунингдек,  аҳоли яшаш ҳудудларида чиқиндиларни тартибга солиш борасида қонунчилигимизга ўзгартириш киритиш ҳамда саноат корхоналаридан чиқадиган чиқиндиларни атроф-муҳитга зарарини камайтириш борасида парламент назоратини ўрнатиш ҳақидаги таклифлар ҳам бугун биз депутатларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда муҳим ўрин эгаллайди.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш

масалалари қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    657
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+