Иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди

12.01.2021, 15:35

Иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди

2020 йилнинг 29 декабрь куни давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, шубҳасиз, якунланган йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Ушбу Мурожаатномада Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилда мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилган ислоҳотлар бўйича фикр билдириш билан бирга, 2021 йилда юртимиздаги ижтимоий, иқтисодий соҳаларда амалга оширилиши назарда тутилган энг муҳим устувор йўналишлар бўйича ҳам атрофлича тўхталиб ўтди.

Шу кунларда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида Мурожаатномада белгилаб берилган барча устувор йўналишлар муҳокамасига қаратилган турли учрашувлар, мулоқотлар ташкил этилиб, аниқ асослантирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

O‘zLiDePда ташкил этилган навбатдаги онлайн давра суҳбатида Мурожаатномада янграган кўплаб масалалар қатори мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига бозор механизмларини жорий қилиш ҳамда камбағалликни қисқартиришда комплекс ёндашув масаласи муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, Мурожаатномада кўплаб масалалар қатори тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилиши айтиб ўтилди. Чунки пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшди. Шу боисдан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг парламентдаги фракцияси тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлайди, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашда бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

Тан олиш керак, айрим жойларда давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддилар томонидан тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари ҳали-ҳануз давом этмоқда. Мурожаатномада бундай мансабдорларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Бизнес-омбудсманга ваколат бериш таклифи илгари сурилгани мамлакатимизда тадбиркорликни кенг қулоч ёйишига хизмат қилади. Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилиниши, 115 таси бўйича тартиб-қоидалар соддалаштирилиши эса соҳа тараққиётига қаратилган муҳим қадамдир.

Бундан ташқари давлатимиз раҳбари Мурожаатномада Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш таклифини илгари сургани том маънода тарихий воқеа бўлди. Ушбу таклиф партиямиз сайловолди дастурида ўз аксини топган бўлиб, мазкур кодексини ишлаб чиқишда партия депутатлари, фаоллари ва фракция аъзоларидан янада фаоллик талаб қилиниши, аниқ асослантирилган таклифлар беришлиги айтиб ўтилди.

Тадбир давомида жорий йилда камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этиш, ўтган йилдан жорий этилган “Темир дафтар” тизимини янада такомиллаштирган ҳолда “Ижтимоий реестр”ни ишга тушириш ва кўрсатиладиган ижтимоий хизматларни такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Давра суҳбати иштирокчилари Мурожаатномада партиямизнинг яна бир асосий йўналишларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш борасида белгилаб берилган асосий вазифаларга эътибор қаратишди.

Таъкидланганидек, Мурожаатномада ерлардан белгиланган ҳосилни олиш, берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш учун деҳқон ва фермерларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, ерга муносабатини ўзгартириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Келгуси йили барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиб, уларда “ягона дарча” тамойили асосида 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Бу марказлар зиммасига деҳқонларга ернинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғликларни танлашда кўмаклашиш вазифаси юклатилади. Яна бир муҳим жиҳат қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этишга илк бор 600 миллион доллардан зиёд кредит ва грант маблағлари жалб қилинади. Албатта, илгари қишлоқ хўжалигига бу қадар катта эътибор қаратилмаган эди. Ёки сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонлари 5 баробарга кўпайтирилиб, 430 минг гектарга етказилиши, 90 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилиши мисолида янги бир тизим пайдо бўлишлигини тадбир иштирокчилари таъкидлаб ўтишди.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан билдирилган аниқ таклифлар асосида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

  • Кўрилди
    126
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+