Аҳоли осойишталиги ва фуқаролар манфаатларининг чинакам ҳимоячиларини тарбиялаш асосий вазифамиздир

13.01.2021, 17:34

Аҳоли осойишталиги ва фуқаролар манфаатларининг чинакам ҳимоячиларини тарбиялаш асосий вазифамиздир

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега аксарият ёшларимиз ҳарбий бўлиш ёки ички ишлар идораларида хизмат қилишга интилишади? Бунинг сабабларини мен униб-ўсиб келаётган йигитларимизда ўзи туғилиб ўсган жонажон юртга бўлган муҳаббати кучлилигидан, шу муқаддас заминни севишидан, халқимизни тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини исташидан деб биламан. Аслидаям шундай. Кўплаб ҳарбий бўлишни истаётган ва шу соҳага кириб, хизмат вазифасини ўтаётган йигитлар билан суҳбатлашганимда, Ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурч эканини бот-бот такрорлашади.

Айтмоқчиманки, юртимиздаги тинчлигу хотиржамлик, аҳолининг эркин ва келажагидан кўнгли тўлиб яшаётганининг сабаби ҳам Мудофаа қудратимиз, Қуролли Кучларимиз салоҳиятига, мард ва жасур йигитларимиз шижоатига ишончи юксаклиги билан чамбарчас боғлиқдир. Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида яқин ва узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувлар шароитда  биз юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз лозимлиги ҳақида сўз юритилган. Демак, биз мамлакатимиз тинч, осойишта, ҳаётимиз фаровон деб беэътибор юришга ҳаққимиз йўқ. Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар ҳам бизга дахлдорлигини, узоқ-яқин минтақалардаги вазиятдан доим хабардор бўлиб туришимиз зарурлигини ҳар биримиз ёддан чиқармаслигимиз керак.

Мурожаатномадаги Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиши ҳақидаги фикрлар ҳарбийларимизни, ота-оналарни ва ёшларни қувонтиргани табиий. Давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчиларга, Ватан ҳимоячиларига чексиз ғамхўрликлар қилиб келинаяпти. Эндиликда бу саъй-ҳаракатлар янада кучайтирилса, Қуролли Кучларимизда хизмат қилаётган зобиту аскарларимизнинг кучига куч, ғайратига-ғайрат қўшилади, касбига иштиёқи ва меҳри юксалади. Бу албатта, тинчлигимизга, юртимиз тараққиёти ва равнақига хизмат қилиши табиий.

Биз депутатлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишда янгича ёндашувларни ташкил этишга кўмаклашишни асосий вазифамиз деб биламиз. Бундан ташқари ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борамиз. Бу борада ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилалари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар ташкил этамиз. Аҳоли осойишталиги ва фуқаролар манфаатларининг чинакам ҳимоячилари бўлмиш ёшларни юртга садоқатли қилиб тарбиялашда ҳам жонбозлик кўрсатамиз. Зеро, шу юрт, шу муқаддас тупроққа садоқатини намоён этиш ҳар бир касб эгасининг шарафли вазифасидир.

Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни байрами билан Қуролли Кучларимиз сафларида мардонавор хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларни, Мудофаа қудратимизни юксалтиришга ҳисса қўшаётган соҳа ходимларини, юртимиз аҳлини чин юракдан муборакбод этаман. 

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    495
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+