O’zLiDeP депутати 35 нафар “Аёллар дафтари”даги хотин-қизни касб ўрганиш курсига бепул қабул қилди

19.01.2021, 17:07

O’zLiDeP депутати 35 нафар “Аёллар дафтари”даги хотин-қизни касб ўрганиш курсига бепул қабул қилди

Президентимизнинг парламентга ва халққа йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган партия “Аёллар қаноти” олдидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов илгари сурган "Бир депутат - юз аёлга кўмакчи!" лойиҳаси халқ вакиллари томонидан мамнуният билан қабул қилинмоқда. Хусусан, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Сетора имкон плюс” нодавлат таълим муассасаси раҳбари, туман Кенгаши депутати Наргиза Саломова бу лойиҳага жавобан ўзи раҳбарлик қилаётган нодавлат таълим муассасасига 100 нафар ҳаётда қийинчиликларга учраган хотин-қизни бепул ўқишга қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.

Ҳозирга қадар 35 нафар хотин-қиз 3 ойлик касб ўрганиш курсига бепул ўқишга қабул қилинди. Улардан 3 нафари шу ердаги тикувчилик курсига ишга олинди. Бандлиги таъминланган  мазкур 3 нафар хотин-қизга 1 миллион сўм миқдорида маош белгиланди.

-Турмушимдан ажралганимдан сўнг худди ҳаётда яккалангандай, ўзимни ҳеч кимга керак бўлмагандай ҳис қилардим, - дейди Яккабоғ туманидаги Кенгузар қишлоғидан касб ўрганиш учун келган Адиба Шайманова. – Менга шу нодавлат таълим муассасасида ҳунар ўргансанг, ҳаммаси изга тушиб кетади, деб маслаҳат беришди. Муассаса раҳбари депутат опа экан, мен билан суҳбат қилиб, ўқиш билан бирга тикувчилик цехига ишга ҳам қабул қилди. Шундай қувондимки, ҳаёт кўзимга жуда чиройли кўриниб кетди. Келажакка умид кўзи билан қарай бошладим. Насиб этса, моҳир тикувчи бўлиб, ўзимни кўрсатишга, ҳеч кимдан кам эмаслигимни исботлашга ҳаракат қиламан.

Шунингдек, Қурбонгул Бўриева, Дилшода Зоҳидова ва Дурдона Самиева каби ҳунарсиз ва ишсиз хотин-қизлар ҳунарли бўлиш орқали ҳаётда ўз ўрнини топишига ишонишмоқда. Зеро, партия томонидан Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси асосида ишлаб чиқилган “Бир депутат – 100 аёлга кўмакчи” лойиҳаси асосида Наргиза Саломава каби депутатлар томонидан амалга оширилаётган савобли ва хайрли ишлар хотин-қизлар қалбида умид ва  ишонч туйғуларини уйғотмоқда.

      O’ziDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    399
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+