O'zLiDeP депутати шахсий автомашинада йўловчи ташиш хизматини лицензия талаб қилинадиган фаолият туридан чиқариш кераклигини айтди

20.01.2021, 10:41

O'zLiDeP депутати шахсий автомашинада йўловчи ташиш хизматини лицензия талаб қилинадиган фаолият туридан чиқариш кераклигини айтди

Кеча, 19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашга бағишланган фракциялараро мунозара ўтказилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар қилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Таъкидлаш жоиз, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021 йил 13 январь куни бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

Қонун лойиҳасида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга оид ҳуқуқбузарлик учун юридик шахсларларга нибатан жарима қўллаш институтини жорий этиш назарда тутилаётгани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бунда юридик шахс жаримани бир ой давомида ихтиёрий тўлаган, шунингдек, амалга ошириш учун талаб этиладиган лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисида мурожаат қилган ҳамда хабарнома юборганда, тайинланган жарима миқдорининг етмиш фоизи ундирилишига оид рағбатлантирувчи норма белгиланмоқда.

Баҳс-мунозара ҳамда тортишувларга бой ўтган тадбирда ҳар бир фракция аъзолари лойиҳа юзасидан ўз қарашларини билдирди.

Хусусан, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Шуҳрат Шарафутдинов таъкидлаганидек, қонун лойиҳасининг муҳимлигини, жорий этилиши назарда тутилаётган юридик шахсларга жавобгарликни белгилаш институтини ҳар томонлама жиддий муҳокама қилиш зарур. Шу билан бирга, лойиҳадаги яна бир масалага қонун ташаббускорларининг эътиборини қаратди. Юртдошларимиз орасида ўзининг шахсий автотранспортидан фойдаланган ҳолда йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш орқали фаолият юритаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Мазкур турдаги фаолиятни лойиҳада белгиланган “Амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган” фаолият туридан чиқариб, “Ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган” фаолият турлари рўйхатига киритишни, яъни такси хизматини кўрсатаётган тадбиркорларимизга ўз фаолиятларини қонуний амалга оширишларида енгиллик яратишни илгари сурди. Ушбу фаолият турини бир рўйхатдан иккинчи рўйхатга олиниши ҳайдовчиларга йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш учун рухсатнома олиш жараёнини енгиллаштиради ва тўлов суммасини адолатли белгиланишига олиб келади.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган ушбу тадбирда билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида кўриб чиқиладиган бўлди.

  • Кўрилди
    480
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+