“Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида маҳаллаларда тарғибот тадбирларини бошладик

20.01.2021, 16:45

“Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида маҳаллаларда тарғибот тадбирларини бошладик

Муҳтарам Президентимиз раислигида куни кеча - 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланди.

Бугун маънавий-маърифий ишларнинг давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”. Янги Ўзбекистонни барпо этишда эса бу борада бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ҳамда аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз.

Давлатимиз раҳбари лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлади. Шунингдек, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, маънавий-маърифий ишлардаги узвийликни айни жойларда бошлаш зарурлигини қайд этди.

Видеоселектордаги мазкур масалаларга долзарб топшириқ сифатида ёндашиш мақсадида бугуннинг ўзида ўзим депутатликка сайланган 59-сайлов округидаги маҳаллаларда тарғибот тадбирларини олиб бордим. Хусусан, “Нурафшон” маҳалласидаги мавжуд 3261 нафар аҳолининг 1518 нафарини хотин-қизлар, 647 нафарини ёшлар ташкил қилади. Маҳалла аҳли вакиллари, фаоллари билан суҳбатлашарканмиз, давлатимиз раҳбари таъкидлаган маънавий-маърифий ишлар хусусида атрофлича тушунчалар беришга, маҳалла кесимида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар моҳиятини чуқурроқ сингдиришга ҳаракат қилдик. Масалан, маҳаллага йиғилишда қайд этилган “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида бириктириладиган профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар билан қандай иш ташкил қилиш, уларга қандай кўмак бериш, улардан қандай ёрдам олиш, уларнинг маҳалла нуфузини кўтаришда қай даражада фаол бўлишлари масалалари тўғрисида батафсил суҳбатлашдик. Тарғиботни маҳалладаги ёшлар, хотин-қизлар ўртасида кучайтириш керак. Айтайлик, битта аёлнинг, қизнинг маънавиятини юксалтира олсак, нафақат бир оилани, шу билан бирга маҳаллани, жамиятни ҳам маънавиятли бўлишига кўмаклашган бўламиз. Ахир хотин-қизларимиз энг биринчи тарбиячи!

Депутатнинг масъулияти айни йўналишда ҳам акс этишини биламиз, яъни давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликлар, меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини сайловчилар орасида тарғиб қилиш вазифамиз. Шунинг учун ҳам ишни куни кеча Президентимиз томонидан белгиланган маънавий соҳа равнақига қаратилган амалий тадбирларимизни маҳаллалардан бошладик. Негаки, узвийликни илдиздан бошлаш керак, деган шиор билан ишлашга ҳаракат қиламан. Инсон оилада шаклланади, камол топади, оила  эса маҳаллада ўрин топади, маҳалла эса ўз навбатида жамият негизини ҳосил қилади. Айни узвийлик фаолиятимизда аҳамиятли ўрин тутиши керак. Илдизни қанчалик мустаҳкамлай олсак, жамиятни юксакка кўтара оламиз. Маънавият кўзгу, шу ҳақиқатни чуқур англасаккина, атрофимиздагиларга сингдира олсаккина, давлатимиз раҳбари таъкидлаган вазифаларни бажаришга сидқидилдан ёндашган бўламиз.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

  • Кўрилди
    2025
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+