Банклараро валюта бозорини “онлайн” платформага ўтказишни замоннинг ўзи талаб этмоқда

21.01.2021, 17:38

Банклараро валюта бозорини “онлайн” платформага ўтказишни замоннинг ўзи талаб этмоқда

Халқимиз яхши билади, кечагина банклар биноси олдида тумонат одам йиғилар, пластик карточкасидаги маблағни нақд пулга алмаштириш учун сунъий равишда жорий этилган фоизларни тўлашга ҳам рози бўларди. Банкдан хорижий валютани харид қилиш ҳақида эса гап-сўз бўлиши мумкин эмас эди. Аҳоли асосан хорижий валютани сотиб олиш ва сотиш операцияларини “қора бозор”да ўртадаги воситачилар орқали амалга оширишга мажбур эди.

Бугун-чи? Бугун ана шу ноқонуний фаолиятларга чек қўйилиб, мижознинг банкдан истаган операциясини бажариши учун эркинлик яратилди. Эндиликда бу саъй-ҳаракатларни  давом эттириш ва банк соҳасида рақобат муҳитини яратиш, аҳоли ва ҳўжалик субъектларига кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини янада ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш, замонавий банк хизматлари турларини кенгайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги  Фармони лойиҳасида ҳам яққол акс эттирилган. Умумхалқ муҳокамасига қўйилган мазкур Фармон лойиҳаси ҳақида гап кетганда, шуни алоҳида айтиш жоизки, бугунги кун талаби – банклараро валюта бозорини “онлайн” платформага ўтказишни тақазо этмоқда. Айниқса, тадбиркорларга валютани бевосита банкларнинг ўзидан харид қилиш имкониятини яратиш лозим.

Бундан ташқари ички валюта бозорида валюта курсини аниқлашда савдоларни “фиксинг” аукционларидан узлуксиз “метчинг” аукционларига ўтказиш, тижорат банкларининг валюта курсини аниқлашдаги ролини ошириш ва расмий валюта курсини кунлик эълон қилиб бориш масалаларига катта эътибор қаратиш керак. Бунда энг аввало молиявий технологиялар асосида рақамлаштирилган банк хизматларини жорий этиш асосий вазифа ҳисобланади. Банкларнинг ахборот технологиялар инфратузилмасини такомиллаштириш, мижозларга замонавий стандартлар асосида хизмат кўрсатиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган алоҳида ўқиш ва семинарлар ташкил этилса, хизмат сифатида янада юксалади.

Банклар иқтисодиётимизнинг муҳим таянчи бўлиш билан бирга халқимизнинг эртанги кунга, юрт тараққиёти ва равнақига бўлган ишончини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, мамлакатнинг нуфузи ва обру эътибори банкларнинг рейтинг кўрсаткичлари юқорилиги билан чамбарчас боғлиқ.

 Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    471
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+