Очиқ мулоқотда депутатлар 20 нафарга яқин иштихонлик тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганди

26.01.2021, 18:15

Очиқ мулоқотда депутатлар 20 нафарга яқин иштихонлик тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганди

O`zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида фуқаролар билан бевосита мулоқотлар ўтказмоқда. Ушбу мулоқотларда тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ва камчиликлар ўрганилмоқда.

O'zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми Иштихон туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда "MAROQAND SIFAT TEXTILE" МЧЖ корхонасида бўлиб ўтди.

Иштихонда тадбиркорлик қилиб, элга наф келтиришга интилаётган ишбилармонлар жуда кўп. Улар учун имкониятлар яратиб бериш эса бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан саналади. Депутатлик гуруҳи аъзолари учрашувда ҳар бир тадбиркор фикрларини, муаммо ва таклифларини алоҳида қайд этиб, муаммоларга ечим топишда амалий кўмак беришларини билдиришди.

Тадбирда "MAROQAND SIFAT TEXTILE" масъулияти чекланган жамият директори  Шерали Хусанов корхонадаги иқтисодий имкониятлар, иш жараёнлари ҳамда ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан йиғилганларни яқиндан таништирди.

Чиғатой маҳалласида Наргиза Абдуллаева ўз ҳовлисидан давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассаси очмоқчилигини айтиб мурожаат қилди. Туман депутатлик гуруҳи фуқаронинг яшаш жойига бориб, мурожаатни жойида ўрганиб, туман мутасаддиларига депутатлик сурови чиқаришга келишиб олинди.  

Форумда 20 нафардан ортиқ тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар, турли мазмундаги мурожаатлар билан депутатларга юзланди. Уларнинг аксарияти амалиётда кўплаб муаммоларга дуч келяпти. Мурожаатларнинг салмоқли қисми ер ажратиш, бино олиш, аукцион савдолари билан боғлиқ машмашалар, банк кредитларини расмийлаштиришдаги ортиқча қоғозбозлик каби муаммолардан иборат.

Тадбирда туман Бош вазир қабулхонаси мудири Қосимжон Нуриддинов ўз бизнесларини йўлга қўймоқчи бўлган ёш йигит-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, айрим муаммоларга ечим топишда туман мутасаддилари билан амалий ёрдам беришга келишиб олинди.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    616
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+