Хонабодлик тадбиркорнинг 53 миллион сўм маблағи ундириб берилди

27.01.2021, 15:41

Хонабодлик тадбиркорнинг 53 миллион сўм маблағи ундириб берилди

Улуғбек Шокиров хонободлик тадбиркорлардан. Ер билан тиллашиб, ернинг ҳадисини олгани боис бу борада салоҳияти юқори.  Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги билими, тажрибаси билан кўпларга устоз. Тадбиркор раҳбарлигидаги “Агротехсервис” хусусий фирмаси Хонобод шаҳрида жойлашган. Фаолиятини намунали олиб бораётган тадбиркор ишонувчанлиги боис панд еди. Келинг, воқеа тафсилотини бошидан бошласак.

 Ўтган 2020 йилнинг февраль ойининг илк кунлари агрофирма томонидан  Хонобод шаҳар ҳокимлиги ташаббуси ва Хонобод шаҳар ободонлаштириш бошкармаси раҳбарияти буюртмаси билан бошқармага 30 дона “богрянник” ва 100 дона “Қрим карагай” манзарали дарахт кўчатлари етказиб берилган. Албатта, мазкур келишув шартнома асосида қонунийлаштирилган. Шартномада кўрсатилган умумий маблағ 53 200 000 сўмни ташкил қилган. Мазкур буюртма агрофирма томонидан 10 кун ичида аъло даражада бажарилган. Бироқ шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси тўловга келганда, “ўйин” бошлаганлари қизиқ! Шартномага асосан амалга оширилган ишлари учун қонуний келишилган муддатларда тўловлар амалга оширилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Буюртмани айтилган муддатда қабул қилиб олган буюртмачи тўловга келганда бир йилдан буён “ортга суриб”, турли баҳоналар ортига беркиниб юришлари тадбиркорни куппа-кундуз куни “қароқчи урганидай” гап эмасми?! Тадбиркор бир неча маротаба даъвогар томонидан жавобгбуюртмачи ташкилотга маҳсулот учун тўловларни амалга ошириш юзасидан огоҳномалар киритган, аммо Хонобод шаҳар Ободонлаштириш бўлими бефарқлик, лоқайдликка муккасидан кетганми, ҳеч қурса, огоҳномаларга ҳам бирор марта ҳуқуқий муносабат билдирмагани аянчли! Нажотни шаҳар прокуратурасидан истаган тадбиркор бу гал ҳам қўни пуч ёнғоққа тўлганини кейин англади. Негаки, масаласи ижобий якун топмади.

У.Шокировнинг мазкур муаммо ечими бўйича қариийб бир йилдан буён бормаган мутасаддиси қолмади. Охири унинг муаммоси адлия бошқармаси шаҳар бўлимини қизиқтириб қолди. Ахир тадбиркорга кенг йўл очилаётган, имкониятлар яратилаётган айни вақтда фаолиятини салоҳиятли ишбилармоннинг муаммолар гирдобида қолаётгани афсусланарли-да!

Адлиянинг шаҳар бўлими раҳбари томонидан Қўрғонтепа тумани Иқтисодий судига тадбиркорни ҳимоя қилишга қаратилган, мазкур масалага ижобий ечим бериши сўралган даъво аризаси юборилди.

Аризада буюртмачи томонидан тўланмай келинаётган жами 53.200.000 сўм миқдоридаги тадбиркор ҳақини ундириб беришлик баён қилинди.

-Шартноманинг 2.2.-бандида “етказиб берувчи” аванс маблағлари етказиб берувчининг тегишли хисоб варағига келиб тушган вактдан бошлаб 10 календарь куни ичида товарни етказиб бериш мажбуриятини олади, - дейди Адлия Хонобод шаҳар бўлими бошлиғи Носиржон Садиқов. - Шартноманинг 2.1.-бандига кўра эса буюртмачи мазкур шартномани ғазначилик бўлинмасида рўйхатга олинган кундан бошлаб 5 календарь куни ичида конунчиликка мувофик контракт умумий суммасидан 15% микдорда олдиндан тўлаш мажбуриятини олади, қолган 85% ни товарни олгандан сўнг 10 календарь куни ичида қабул қилиш топшириш далолатномаси, хисоб-фактура ва бошка асосида тўлайди. Бироқ буюртмачи 10-15 кун у ёқда турсин, мана бир йилдирки, тўловдан қочиб юрибди. Ахир бу маблағ тадбиркорнинг қайсидир молиявий масалаласини ҳал қилиши мумкинку! Шунинг учун ҳам тадбиркорни ҳимоя қилишга ҳаракат қилдик.

Ниҳоят, белгиланган кун келди. Суд бошланди. Адлия бошқармаси Хонобод шаҳар бўлими масъуллари фидойилиги, жонкуярлиги, салоҳиятлилиги билан O’zLiDeP тадбиркорининг мурожаати қондирилди. Буюртмачи ташкилот томонидан тўланмай келинаётган қарздорлик ундирилиши юзасидан суд қарори эълон қилинди.

Партиянинг мутасадди идора ва ташкилотлар билан мана шундай ҳамкорликдаги ишлари жойларда давом этмоқда.

Зилола РАҲМОНОВА.

  • Кўрилди
    839
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+