Ўзбекистоннинг Жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади

27.01.2021, 10:29

Ўзбекистоннинг Жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади

Куни кеча “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама марказига қўйилди. Мазкур лойиҳа 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Мазкур лойиҳа 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммолар бартараф этилгани, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилингани билан аҳамиятга молик. Бу орқали эса мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати яққол намоён бўлди.

Қонун лойиҳасида 2020 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлар ўз аксини топган.

Шунингдек, унда “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланди.

Муҳими, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилиши ҳам қатъий белгиланди.

Мазкур лойиҳада сайлов жараёнларида сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилаётгани ҳам акс этдики, бу борада келгусида муаммолар юзага келмайди.

Қонунни қабул қилишдан мақсад умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилиги янада такомиллаштирилади, Ўзбекистоннинг Жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади, фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар яратилади.

Яна бир томони, сайлов кампанияси давомида сайлов комиссиялари аъзоларига тўланадиган бир марталик компенсация тўловлари тегишли йилларда бўлиб ўтадиган сайловлар учун ажратиладиган маблағлар доирасида назарда тутилади.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    453
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+