Сайлов комиссиясиларининг сайловолди ташвиқотига аралашишига йўл қўйилмайди

26.01.2021, 20:30

Сайлов комиссиясиларининг сайловолди ташвиқотига аралашишига йўл қўйилмайди

Мантиқан олиб қараганда, сайлов комиссияси раиси ёки аъзоларининг сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларига аралашиши, номзодлар билан учрашувларни ташкил этишга бош-қош бўлиши мумкин эмас. Амалдаги қонунчиликда бунга йўл қўйилган ва албатта, номзодларнинг учрашувларни ўтказишига халақит берган. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқилаётган пайтда айнан шу масала депутатлар ўртасида қизғин тортишув ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Депутатлар сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифасини чиқариб ташлаш юзасидан бир тўхтамга келишди. Чунки сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш бевосита сиёсий партияларнинг ихтиёрий иши ва бунга сайлов комиссияларининг  аралашиши уларга хос бўлмаган вазифа ҳисобланади.

Шунингдек, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддатини 10 кундан 5 кунга қадар қисқартириш, сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартибини жорий этиш масалалари ҳам депутатларимиз томонидан кўриб чиқилди.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    394
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+