Бағрикенглик тинчликнинг бош мезони бўлса, тинчлик юксак тараққиёт гаровидир

28.01.2021, 16:28

Бағрикенглик тинчликнинг бош мезони бўлса,  тинчлик юксак тараққиёт гаровидир

Халқимиз азалдан бағрикенг ва меҳмодўст. Чунки бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Дўстга садоқат, бирдамлик каби эзгу туйғулар халқимиз орасида қадрият даражасига кўтарилган бўлиб, бугун ҳам ушбу анъаналаримиз давом этиб келмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида Ўзбекистонда барча диний конфессиялар ўз анъаналари ва удумлари, маросимларини адо этиб келмоқда. Жамиятимиздаги ўзаро бағрикенглик, меҳр-мурувват, эзгулик муҳити тинчлик ва осудалик, фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган. Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга жорий этиш доирасида амалга оширилаётган ўзгаришлар натижаси ўлароқ мамлакатимизда миллатлараро ва конфессиялараро мулоқотни янада ривожлантириш механизмлари такомиллаштирилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг16 та диний конфессия вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конститутцияси ва қонунларида белгиланган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда иқтисодиётнинг турли тармоқларида, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллатлар қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари давомийлигини таъминлаш баробарида, ёшларимизни ўзга элатлар маданиятини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ҳозир юртимизда фаолият кўрсатаётган 141 та миллий маданий марказнинг асосий мақсадидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳам халқимиз азалдан ардоқлаган дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши муқаррар.

Негаки, ушбу қонун лойиҳасининг мақсади халқлар дўстлиги кунини байрам қилишдан асосий мақсад инсонлар, халқлар, давлатлар – умуман олганда жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат.

Мазкур ҳужжат билан миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, садоқат билан бажарилган меҳнатни рағбатлантириш мақсадида “Халқаро дўстлик куни” – 30 июлни Халқлар дўстлиги куни этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Бу борада хорижий тажрибага назар солсак, Россия, Белорусь, Германия, Озарбайжон, Тожикистон, Украина, Қозоғистон ва бошқалар қатор давлатларда турли саналарда “Дўстлик куни”, “Бирдамлик куни”, “Миллий бирдамлик куни” каби номлар билан аталган бўлиб, ушбу байрамларни нишонлаш доирасида эришилган ижобий натижалар қайд этилиб, алоҳида ўрнак кўрсатган соҳа ходимлари рағбатлантирилмоқда.

Масалан, Белорусь, Украина, Қозоғистон ва Россияда “Халқаро дўстлик куни” 30 июлда нишонлансада, дам олиш куни этиб эълон қилинмаган. Қозоғистонда эса 1 май – “Қозоғистон халқининг бирдамлик байрами”, Россияда 4 ноябрь – “Халқ бирдамлиги куни”, Тожикистонда 27 июнь – “Миллий бирдамлик куни”, Германияда 3 октябрь – “Германия бирдамлик куни” миллий байрам сифатида дам олиш куни деб эълон қилинган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда Ўзбекистон диний бағрикенглик ва динлараро мулоқот борасида бутун дунёга намуна бўлмоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш, тинчлик-осойишталикни сақлашга хизмат қилиши аниқ. Зеро, бағрикенглик тинчликнинг бош мезони бўлса, тинчлик юксак тараққиёт гаровидир.

 Бахитбай АЛДАМУРАДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    478
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+