Сирдарёлик мутасадди раҳбарлар бешта масала юзасидан O‘zLiDeP депутатларига ҳисобот берди

28.01.2021, 16:31

Сирдарёлик мутасадди раҳбарлар бешта масала юзасидан O‘zLiDeP депутатларига ҳисобот берди

Сирдарё вилоят божхона бошқармасида неча сўмлик товар-моддий бойликлари ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди? Умуман ўтган давр мобайнида соҳада қандай ишлар амалга оширилди? Гулистон шаҳри табиий газ истеъмолчилари нега “қизил ҳудуд” тоифасида? Замонавий электрон газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатиш бўйича режанинг қанчаси амалда ўз исботини топди? Солиқ борасида-чи? Шу ва бошқа саволларга батафсил жавоб топиш мақсадида Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида депутатлар мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳисоботини тинглашди.

Йиғилишда Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, мутасадди ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Кун тартибида бешта масала ўрин олган бўлиб, дастлаб вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Хайруллаевнинг ҳисоботи тингланди. Ҳисоботда Президентимизнинг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизматлари органлари фаолиятларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони давлат ва халқ учун нималар бергани борасида соҳалар кесимида тушунтириб берилди.

— 2020 йил давомида вилоят божхона бошқармаси қўшимча равишда умумий қиймати 1 млрд. 982 млн.сўмга тенг (шундан, 168 млн.сўм грант ва 1 млрд. 814 млн. сўми ДБҚ маблағлари ҳисобидан) қурилма ва дастурий воситалар билан таъминланди, - дейди  Ш.Хайруллаев. — Жумладан, 1 та инсон танасини сканер қилувчи қурилма, 4 та телекоммуникация қурилмаси ва 25 та лицензияланган антивирус дастури, 4 та муқим металлодетекторлар,  компьютер ва UPS ва телекоммуникация қурилмалари ўрнатилди. Бошқармада мавжуд божхона назоратининг техник воситалари ва яратилган Ягона автоматлаштирилган ахборот дастурлари ёрдамида ўтган йил давомида жами 192 та ҳолатда 3 млрд. 850 млн. сўмлик ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Табиий газ назорати ва ҳисоботининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 сентябрдаги қарори ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар, дуч келаётган муамолар юзасидан “Ҳудудгаз Сирдарё” МЧЖ корхонаси бош муҳандиси Дилшод Худоёров маълумот берди. 

— Вилоят бўйича жами 105 943 та хонадонларга замонавий ЭГҲУ ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, амалда 21 147 та ўрнатилди ва қарорда белгиланган муддатда тўлиқ ўрнатилиши режалаштирилган, - дейди Д.Худоёров. — Қарорда Гулистон шаҳри табиий газ истеъмолчилари сони бўйича газ истеъмоли ва табиий газдан қарздорлик юқорилиги сабабли қизил ҳудуд этиб белгиланган. Бош Вазир ва Президент Администрация раҳбари иштирокида жорий йилнинг 6 январдаги 1 баённомаси 19 бандига асосан “қизил ҳудуд”, яъни Гулистон шаҳар ҳудудида ЭГҲУ ўрнатиш 2021 йил 1 майгача узайтирилди.  

Сирдарё вилояти бўйича 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 13501 та фаолият кўрсатаётган юридик шахслар бўлиб, шундан, 3960 ҚҚС тўловчилари хисобланади. Йиллик 772,7 млрд. сўмлик тушумни 329,7 млрд. сўми ёки 42,7 фоизи ҚҚС тўловчилари томонидан амалга оширилгани борасида вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Элзод Абдуалиев маълумот берди.

— Бюджет даромадига 2021 йил учун 866,8 млрд. сўмлик прогноз белгилаб берилди. Йиллик прогнозни мувофақиятли бажариш бўйича қўшимча манбаларни жалб қилган ҳолда, яъни камерал назорат, солиқ қарзини ундириш, солиқ тўловчиларнинг мол-мулкини хатловдан ўтказиш, импортёрларни товар қолдиқларини кўздан кечириш каби йўналишларда ишни ташкил этамиз, - дейди Э.Абдуалиев.

Кўрилган масалалар юзасидан депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Баҳс-мунозарага бой тарзда ўтган йиғилишда депутатлар аҳоли орасида кўп берилаётган саволларга тегишли масъуллардан жавоблар олишди.

Шунингдек, йиғилишда Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг 2021 йилда назорат фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган иш режаcи тасдиқланди.

  • Кўрилди
    855
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+