Иш тизимли ва амалий тус олиши учун бирдам бўлишимиз керак

03.02.2021, 18:02

Иш тизимли ва амалий тус олиши учун бирдам бўлишимиз керак

Бугун оммавий ахборот воситалари орқали Президентимизнинг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашуви ва унда белгиланган вазифалар билан қисқача танишиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига жуда катта масъулият турганлигини, депутат сифатидаги фаолиятимга танқидий кўз билан қараб, ишчанликни икки карра ошириш кераклигини ҳис этдим

Яхши биламиз мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш каби кенг кўламли масалаларини қамраб олган кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси халқимиз ҳаётини янада яхшилашга қаратилган. Лекин, жойларда барча дастурлар ҳам ўз вақтида ижросини топмаяпти. Бу масалалар устидан депутатлик назоратини амалга ошириш учун партия-маҳаллий Кенгаш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияси ўртасида жипслик бўлиши керак. Кенгашли тўй тарқамас деганларидек, бирдамлик бўлса жойларда белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш имконияти ва самараси ҳам шунга яраша бўлади. Иш тизимли ва амалий кўриниш олади. Бунда фаоллик, ташаббус қуйи поғонадан бошланиши керак деб ҳисоблайман. Яъни маҳаллий Кенгаш депутатлари, қўйилган масала ечимига қанчалик талабчан бўлса, юқори бўғин ҳам шунга қараб ишлайди.

Очиғини айтиш керак, бугун ижтимоий соҳалар, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳудудларда ечимини кутаётган масалалар бор. Сайлов округимда ҳар ҳафтада аҳоли билан учрашув ўтказиб, уларни муаммоларини ўрганаман. Кўплаб масалалар кўтарилади. Ана шу учрашувлар давомида бир жиҳат хурсанд қилади. Одамларимиз сиёсий ҳушёр, сергак ва ўта талабчан. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.

Шу маънода учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан Парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши муҳимлиги ўринли қайд этилди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифа, асосли таклиф ва мулоҳазалар бирдан-бир мақсадга яъни халқимиз ҳаётини янада яхшилаш, уларни фаровонлигини оширишга қаратилган десам тўғри бўлади. Депутат сифатида бу зиммамизга жуда катта масъулият ва ишонч турганлигини англатади. Ишончни оқлаш учун янада қатъиятли, талабчан депутат сифатида қонуний ваколатларимиздан халқ манфаати йўлида унумли фойдаланишимиз зарур.

Сардор Сувонқулов,

O'zLiDeP Яшнобод туман

Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    604
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+