Манфаатлар боғлансагина ўсиш бўлади

11.02.2021, 18:13

Манфаатлар боғлансагина ўсиш бўлади

Президентимиз агрокластерларга мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг келажаги сифатида қарамоқда. Бу бежиз эмас. Аграр соҳа қанчалик саноатлашса, давлатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти шунчалик ортади, халқимиз фаровонлиги юксалади.

Ҳудудлар иқтисодиёти ривожланишида кластер усулининг асосий афзалликларидан бири – иқтисодий омиллар таъсири кучайиши ва маъмурий омиллар ролининг сусайишидир.

Айримлар мазкур жараёнларни фермерликдан кластер тизимига ўтиш, деб тушуняпти. Ваҳоланки, фермер хўжалиги кластернинг бир бўғини, таркибий қисми.  Юз бераётган ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилинаётганини англатади.

Тошкент вилоятида турли йўналишларга ихтисослашган 98 та кластер фаолият юритяпти. Ўтган йили вилоятда етиштирилган пахта хом ашёсининг 45 фоизи 7 та пахтачилик-тўқимачилик кластери ҳиссасига тўғри келгани, ҳосилдорлик 2019 йилдагига нисбатан бир ярим баробар ошгани алоҳида эътиборга молик.

Депутат, партия ҳудудий кенгаши раиси сифатида кластерлар фаолияти билан ҳам танишяпман, ишчи-хизматчилари билан суҳбатлашяпман. Янги тизимнинг афзалликларидан бири шуки, оддий ишчилар ҳам қишин-ёзин ишлайди, маош, ҳатто мукофот пули олади. Масалан, дала ишлари бошланмаган ҳозирги кунларда Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТСТ Agro Cluster” да ишчилар биогумус тайёрлаш билан шуғулланяпти.

Хуллас, ерга ишлов берувчилардан тортиб, маҳсулотни сотувчиларгача бўлганларнинг манфаати бир-бирига чамбарчас боғлангандагина аграр соҳа жадал ривожланади. Шундан келиб чиққан ҳолда биз бутун салоҳиятимизни ишга солиб, кластер тизимини қўллаб-қувватлаймиз, улар дуч келаётган қийинчиликларни бартараф этишга ҳисса қўшамиз. 

Тўлқин Файзиев,

O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши раиси,

вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    761
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+