Давлат дастурининг ижроси устувор мақсадимизга айланиши зарур

12.02.2021, 17:54

Давлат дастурининг ижроси устувор мақсадимизга айланиши зарур

Ўтган замонларда яшаб ўтган одил шоҳ ўзга мамлакатларни ишғол этишга қаратилган юришларини амалга оширишдан олдин ўша мамлакатнинг мудофаа ва ҳарбий қудратини аниқлаш билан бир қаторда, аёлларга муносабатни ҳам ўрганиб келишни айғоқчиларига буюрар экан. Хотин-қизлари беэътибор ташлаб қўйилган мамлакатларни осонликча қўлга киритар экан. Мулозимларининг саволига шоҳ: “Аёлларини ҳурмат қилмаган, эъзозламаган ва қўриқламаган эркакларда ор-номус, ғурур бўлмайди. Бу давлатнинг ҳарбий салоҳияти ҳар қанча кучли бўлмасин, уни қўриқлайдиган эркакларда Ватанга бўлган муҳаббати ҳам заиф бўлади. Хўрланган аёл эса, ёш авлодни Ватан туйғуси билан ўстира олмайди. Чунки, унга ўзи ҳам ишонмайди. Бундай муҳит ва вазиятни кўриб ўсган болаларни эса янада аянчли келажак кутади”, деган жавобни берган экан.

Мамлакатимизда кейинги йилларда давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бири сифатида бегиланиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол аъзосига айлантириш масаласига жуда катта эътибор қаратилмоқда.

2021 йилга мўлжалланган давлат дастурида ҳам хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизимни яратиш вазифаси қўйилгани бу борада давом этаётган ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади, десак тўғри бўлади.

Дастурда бу борада белгиланган вазифалар ўз-ўзидан амалга ошмайди, албатта. Уларнинг ижроси устида самарали депутатлик назоратини олиб боришимиз қолаверса, турли партиявий лойиҳалар орқали муносиб ҳисса қўшишимиз, шу орқали партиямиз сафини ишбилармон, оқила аёллар билан тўлдиришимиз зарур. Умуман олганда, давр шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги кунда вақтнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланган ҳолда, бор куч ва имкониятимизни, билим ва салоҳиятимизни сафарбар этиб, хотин-қизларни демократик жараёнларнинг фаол иштирокчисига айлантириш фаолиятимиз дастуриламалига айланмоғи лозим.

Партиямиз давлат дастури ҳамда Президентимизнинг сиёсий партиялар етакчилари билан бўлиб ўтган учрашувидан келиб чиқиб, ўз олдига жуда катта вазифаларни белгилаб олган. Хусусан, Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор аёллари” лойиҳаси амалга оширилади. Унинг доирасида давра суҳбати ва маҳорат дарслари, тадбиркор ногирон аёллар ўртасида миллий ҳунармандчилик кўргазма савдоси ҳамда меҳнат ярмаркаларини  ташкил этиш мақсад қилинган. Қолаверса, “Ишбилармон аёл” кўрик танлови ҳам ҳар йили кўплаб опа-сингилларимизни истеъдодларини юзага чиқармоқда. Бу йил мазкур лойиҳаларни Бектемир тумани доирасида уюшқоқолик билан ташкил этамиз.  Туманимиз аёлларида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли кредит билан таъминлаш борасида барча куч ва имкониятларимизни ишга соламиз. Зеро Президентимиз Мурожаатномасида аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши алоҳида таъкидланди.

Давлат дастурининг яна бир амалий жиҳати унда тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларимизга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 млн.сўмгача субсидиялар ажратиш амалиётининг йўлга қўйилаётгани эътиборга молик.

Ушбу ишларни амалга ошириш, ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли сарфлаш албатта, барчамиздан масъулият, ҳалқимиз олдидаги жавобгарлик ҳисси билан яшаш, ҳар бир сўм маблағ ортида қайсидир ишсиз, қийналган юртдошимизнинг тақдири ётганлигини ҳис этган ҳолда ҳалоллик билан иш ташкил этишни талаб этади.

Биз ҳалқ вакилларининг бу борадаги асосий вазифаси ушбу ишларни амалга оширилишида назорат ўрнатишимиз, ҳар бир маблағ ва эътибор энг мухтож аҳоли қатламига етиб боришига кўмаклашишимиз керак. Ижро ҳокимияти билан елкама елка ишлаш орқали, ҳар бир сайловчимизнинг истакларини амалга ошириш бизнинг устувор мақсадимизга айланиши зарур.

Гавҳарой Тухтасинова,

O'zLiDeP Бектемир туман

Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    535
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+