Давлат дастурининг учинчи йўналишида иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида устувор вазифалар белгилаб берилган

27.01.2018, 18:27

Давлат дастурининг учинчи йўналишида иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида устувор вазифалар белгилаб берилган

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг учинчи йўналишида иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида устувор вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, тадбиркорларга қаратилаётган эътибор ва берилаётган имтиёзлар бизни янада шижоат билан ишлашга ундамоқда.

Дастурда  амалга ошириладиган тадбир ва тақдим этиладиган ҳужжат шакли, амалга ошириш механизми ва ундан кутилаётган натижалар аниқ кўрсатиб берилган.

Унга кўра тадбиркорлик ва инновацион соҳадаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини жорий этиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига ишончини кучайтириш, банклар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Айниқса, солиқ юкини камайтириш ва соддалаштириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ва солиққа тортиладиган базани кенгайтиришда ўз эҳтиёжи учун объектлар қураётган янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига ягона солиқ тўловини маълум муддатга кечиктириш ҳуқуқини бериш шунингдек, кичик корхоналар учун қўшимча қиймат солиғи тўлашга ўтишни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш назарда тутилгани янгидан ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектлари ва кичик корхоналар фаолиятини жонлантириш ва иқтисодиётимизнинг юксалишига ўз ҳиссасини қўшишида моддий ва маънавий рағбат бўлди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркор  ўзини ва нафақат оиласини ва шу билан бирга давлатни ҳам боқади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг яқинда Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида тадбиркорларга билдирган ишончи бизга ўзгача кайфият бағишлади.

Бугунги кунда “Panamilk” савдо белгиси остида аҳолига сифатли сут ва сут маҳсулотлари етказиб бераяпмиз. Давлат дастурида назарда тутилган ишчилар сонини ошираётган, тез суръатлар билан ривожланаётган кичик корхоналарни йирик корхоналар тоифасига ўтишини рағбатлантириш механизмларни жорий этилиши биз учун айни муддао бўлди.

Тадбиркорларга яратилаётган бу каби имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда фаолиятимизни янада кенгайтириш, аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб маҳсулотларни етказиб бериш ва янги иш ўринларини ташкил этишни катта мақсад қилиб олганмиз.

Шунингдек, дастурда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан назорат қилувчи органларнинг раҳбарлари билан биргаликда ҳар ойда намунали, фаол тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш, қонуний фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриб борилиши эса самарали фаолиятимизнинг гарови десак муболаға бўлмайди.

Ислам Панаев

“Строй вектор” МЧЖ таъсисчиси,

“Panamilk” савдо белгиси остида сут ва сут маҳсулотларни

қайта ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    163
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш