Наманганлик тадбиркорга 2 сотих майдонда иссиқхона қуриб берилади

18.02.2021, 08:44

Наманганлик тадбиркорга 2 сотих майдонда иссиқхона қуриб берилади

Наманган халқи меҳнаткаш, деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Вилоятда томорқадан яхши даромад олиб, рўзғорини тўкин, турмушини обод қилаётган юртдошларимиз кўп. Бу борада айниқса, Наманган тумани аҳолиси катта тажриба тўпланган.

Тумандаги “Наврўз” МФЙда 531 та хонадон бўлиб, уларда 3 минг 325 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги ўз томорқасида экин-текин қилиб, даромад топишади. Даромад манбаси, яъни кичик бўлса ҳам тадбиркорлик қила олган оиланинг рўзғорига барака киради, ёшлар ишли бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов Наманган вилоятидаги учрашуви доирасида мазкур маҳаллада бўлиб, аҳолининг томорқадан фойдаланиш аҳволи, томорқадан самарали фойдаланаётган оилаларнинг иш тажрибаси билан танишди.

Спикер ўринбосари уйма-уй юриш жараёнида аҳоли бандлигини таъминлаш бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бирига айланганини айтиб, ёшларга зарур даромад манбаи яратиш, бизнесни бошлашига кўмаклашиш бугун асло кечиктириб бўлмайдиган вазифалигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, мўл-кўлчиликни таъминлашнинг энг самарали йўли эканини билдириб, ердан унумли фойдаланиш лозимлигини тушунтирди. Президентимиз раислигида 10 февраль куни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ҳақида маълумотлар берилди.

“Наврўз” МФЙда яшовчи Олимжон ака гулчилик билан шуғулланиб келади. Бу хонадонда турфа рангда жилваланаётган гуллар ифоридан кишининг дили яйрайди. Унинг даромадлари ҳам ёмон эмас. Турли навдаги гул кўчатлари бозорга, боғ ва хиёбонлар учун етказиб берилмоқда.

А.Ҳаитов ушбу хонадонда етиштирилаётган гулларни кўздан кечирар экан, гулчиликни ривожлантириш, бу соҳада халқаро тажрибаларни пухта ўрганиш ва амалиётга жорий қилиш лозимлигини қайд этди.

– Наманганнинг табиий иқлими жуда кўп ўсимликларни ўзлаштириш хусусиятига эга, – деди А.Ҳаитов. – Шунингдек, наманганликлар меҳнатсевар, гулга меҳри ўзгача, гул етиштиришни хўш кўришади. Негаки, гул бор жойда озодалик, илиқлик, меҳр-оқибат, қувончу шодлик, барака ҳукм суради.

Халқ вакили хонадон эгаси билан суҳбат давомида фаолиятини кенгайтиришда қандай муаммолар бўлса, партия вакиллари ва депутатлар уларни бартараф этишга тайёрлигини билдириб, тадбиркорнинг келгусидаги режалари билан қизиқди.

Хонадон соҳиби айни вақтда иссиқхона ташкил этиб, фаолиятини янада кенгайтириш ҳаракатида юрганини билдирди. Спикер ўринбосари бу масалани ўз назоратига олиб, тадбиркорга 2 сотих майдонда иссиқхона қуришда амалий ёрдам беришини маълум қилди.

  • Кўрилди
    1012
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+