Қоракўлчилик тармоғи янада ривожлантирилади

18.02.2021, 17:52

Қоракўлчилик тармоғи янада ривожлантирилади

Мамлакатимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалигининг қоракўлчилик тармоғи ривожи учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан,  тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ўзбек қоракўли брендини яратиш ва дунё миқёсида тарғиб қилиш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш борасида ривожланишлар яққол кўзга ташланмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 9 февраль куни “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни йўналишдаги ишларни янада кенг тараққий топтириш, соҳада янги марраларни забт этишда муҳим омил бўлди.

Бугун аграр соҳанинг ушбу тармоғида майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, уларни сўйиш, тери ва жунини қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш, тармоққа ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ва инновацион технологияларни жорий этиш, сув билан таъминланмаган яйловларда янги сув иншоотларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилишда янги ташаббуслар илгари сурилаётганлигига қарамай, барибир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани афсусли. Албатта, мавжуд яйловлар ҳосилдорлигини ошириш, уруғчилик майдонларини кенгайтириш, наслчилик ишларини янада такомиллаштириш, соҳада экспортбоп қоракўл ва қоракўлча тери етиштириш аҳволи ҳам қониқарли эмаслиги муаммолар илдиз отишига олиб келмоқда.

Мазкур масалаларни тизимли ҳал қилиш тақозо этилар экан, қабул қилинган юқоридаги ҳужжат айни муддао бўлганини алоҳида таъкидлаш керак. Меъёрий ҳужжат билан эндиликда қоракўлчилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш ва яйловлардан фойдаланишда солиқ имтиёзларини қўллаш, уруғчилик ишини йўлга қуйиш, наслчилик ишларини такомиллаштиришда субсидия бериш тартибини қўллаш ҳамда соҳанинг илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш таъминланади.

Хусусан,  қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан 2021 йил 1 мартга қадар қоракўлчилик кластерлари томонидан қўй ва эчкиларни бўрдоқига боқиш комплексларини ташкил этиш мақсадида уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан озуқалар етиштириш учун ер майдонлари ажратилиши таъминланади.

Энг муҳим жиҳат шундаки, мазкур тармоқ ривожи учун имтиёзли кредитлар ажратилиши билан бир қаторда субсидия ҳам ажратилиши белгиланди. Яъни, эндиликда наслдор қўй ва эчкининг, шу жумладан, қоракўл зотли қўйларнинг хорижий давлатлардан импорт қилинган ҳар бир эмбрионига Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан 400 минг сўм миқдорида субсидия тақдим этилади.

Қарор билан тармоқ ривожи янада юксакка кўтарилиши таъминланади.

Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    512
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+