Сунъий интеллект: “жуда эрта”, “биз бунга тайёр эмасмиз” деган догмаларга асло ўрин йўқ

19.02.2021, 16:55

Сунъий интеллект:  “жуда эрта”, “биз бунга тайёр эмасмиз” деган догмаларга асло ўрин йўқ

Очиғини айтиш керак, шу догмалар билан ўзимизни ҳозиргача алдаб келдик. Лекин бир нарсани ҳисобга олишимиз керак. Янги Ўзбекистон бу соҳани ривожлантирмасдан Учинчи Ренессансга қадам қўйиши мушкул.

Шу маънода давлатимиз раҳбарининг “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги тўсиқларни енгиб ўтиш учун дастуриламал, ҳуқуқий ҳужжат бўлди, десак тўғри бўлади. Эътиборга молик жиҳати қарорда соҳани ривожлантиришнинг барча жиҳатлари қамраб олинган.

Унга кўра сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади ва аҳоли манфаатлари йўлида давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек, маълумотларни қайта ишлашда давлат органларининг самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Қарорда шунингдек, қишлоқ хўжалиги, банк, молия, солиқ, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электрон ҳукумат соҳаларида дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларини жалб қилган ҳолда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалари амалга ошириладиган бўлди.

Мисол учун, сунъий интеллектнинг давлат бошқарувидаги аҳамияти ҳақида гапирадиган бўлсак. бу жуда яхши натижа беради. Бугун Президент ва бош вазир қабулхоналарига жуда кўп маълумот халқдан мурожаат сифатида келяпти. Лекин уни таҳлил қилиш учун инсон омили бироз ожизлик қилиши ёки узоқ вақт талаб этилиши бор гап. Агар шу жараёнда сунъий интеллектдан фойдалансак, қайси вилоятда кайфият қанақа эканини билишимиз осон бўлади. Қайси ҳудудда масалан, соғлиқни сақлаш йўналишида муаммолар кўп. Қайси жойда таълим ёки қишлоқ хўжалигида камчиликлар бор. Буларнинг барчаси инсон омилисиз аниқланади.

Сунъий интеллектнинг айниқса тиббиёт соҳасида ўрни мутахассислар томонидан юқори баҳоланаяпти. Сабаби ҳозирда сунъий интеллект маҳсули бўлган роботлар нисбатан мураккаб касалликларни даволашда, уларга тўғри ташҳис қўйишни уддалаяпти. Масалан, “Medtroniс” компанияси IBM билан ҳамкорликда қандли диабет касаллигига дучор бўлган беморлар учун махсус дастур ишлаб чиқмоқда. Ушбу дастурий таъминот қон таркибидаги қанд миқдорининг фавқулодда тушиб кетишини 3 соат аввал аниқлаш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун шу касаллика чалинган 600 та аноним беморларнинг тиббий маълумотлари ўрганиб чиқилди. Бу энди одамлар ўз саломатликларини мобиль қурилмалардаги махсус дастурлар орқали мунтазам назорат қилиб бориш имконига эга бўлишади деганидир. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Умуман олганда Президент қарорида соҳада шу кунга қадар очиқ қолаётган қатор масалаларга ечим кўзда тутилган.

Биринчидан мамлакатимизда бу соҳада салоҳиятли кадрлар етишмайди. Иккинчидан сҳада норматив-ҳуқуқий база шакллантирилмаган эди. Қарорда ҳар иккала масалани ижбий ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тегишли олий таълим муассасаларида грант асосида “Сунъий интеллект” йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш босқичма-босқич йўлга қўйилади. Эътиборга молик жиҳати сунъий интеллект ва уни қўллаш технологиялари соҳасида ўқитишда олий таълим муассасасига камида бир нафар етакчи хорижий эксперт ва олим таклиф этилади. Шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, республикамизнинг нуфузли рейтинглар ва индексларда позициясини яхшилаш мақсадида сунъий интеллект ва уни қўллаш технологиялари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам иш олиб борилади.

Хулоса ўрнида: сунъий интеллектга асосланган технологиялар айрим коррупция авж олган соҳаларда инсон омилини кескин камайтиришини ҳисобга оладиган бўлсак, Президент қарори ижросини тўла таъминлашимиз зарур.

Акбар Музаффаров,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи

  • Кўрилди
    836
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+