Янги Ўзбекистон демократик ислоҳотлар йўлида собит ва илдам одимлайди

25.02.2021, 17:32

Янги Ўзбекистон демократик ислоҳотлар йўлида собит ва илдам одимлайди

Ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистон илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021-2023 йиллар даврига аъзоси этиб сайланди. Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу кенгаш 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбарининг халқаро ҳамжамият олдида иккинчи бор ўзбек тилида сўзлаётган нутқини тинглар эканман, она Ватанимнинг дунё мамлакатлари орасида нуфузи ортиб бораётгани, айни пайтда, бундай муваффақиятлар оқилона сиёсат, ҳалол ва машаққатли меҳнат, тарихий бурилишлар етакчиларига хос ғайрат ва шижоат, муҳими, аҳолининг турли қатламлари вакиллари – халқ билан бирга бўлиш ва унинг дардини енгил қилишни мақсад қилган саъй-ҳаракатлар натижасида қўлга киритилаётганини шу жамиятнинг аъзоси сифатида ўзим ҳам кўриб, яшаб, гувоҳи бўлаётганимни ўйладим.

Мамлакатимизнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқларини кузатиб бораётган хорижий экспертлар эътирофларидан фахр туйган ҳолда таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сўнгги беш йилда нафақат иқтисодий тараққиёт ва инвестиция сиёсатида, балки маънавий-маърифий, суд-ҳуқуқ тизими эркинлигини ошириш ва инсон манфаатлари таъминлаши борасидаги тарихий ривожланиш йўлида собит қадамлар билан одимлаётгани айни ҳақиқатдир.

Ўзбекистон бош мақсади бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўлган, БМТ тизимидаги энг нуфузли тузилмалардан бири саналган мазкур кенгаш аъзоси сифатида юқори даражадаги учрашувда илк бор иштирок этаркан, сессияда Кенгаш доирасидаги устувор йўналишларни баён этиш имконияти биринчи бўлиб унинг Президенти Шавкат Мирзиёевга берилди.

Бундай эҳтиром сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш эканлиги халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётгани натижасидир, десак, хато бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида Ўзбекистонда амалга оширилиши бошланган ва режалаштирилаётган ташаббусларни еттита алоҳида йўналиш асосида баён этди.

Хусусан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган «ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойили асосида ва гендер сиёсати йўналишида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар ҳақида тўхталар экан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва бу борада уларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш, ёки БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш каби таклифлари халқаро жамоатчиликни бефарқ қолдирмайди, албатта.

Таъбир жоиз бўлса, Кенгаш сегменти кун тартибида инсон ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш меъёрлари бузилган мамлакатлар, турли соҳа вакилларига ноодилона муносабат кўрсатаётган давлатлар мансабдор шахсларининг ўз саъй-ҳаракатларини хавфсизлик эҳтиёжи ёки бошқа ҳолатлар билан баҳолаши ўз ифодасини топган муносабатлар мавжудлигини ҳам ҳисобга олсак, янги Ўзбекистон раҳбарининг бу борада юртимизда олиб борилаётган ишлар ҳақидаги нутқи ҳамда минтақавий ва глобал миқёсда амалга оширилиши кўзда тутилган ташаббуслари маҳаллий ва халқаро тадқиқотчилар томонидан ҳали кўп йиллар ўрганиладиган манба бўлади.

  Бектемир ПИРНАФАСОВ,

Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашидаги

O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси

  • Кўрилди
    871
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Нилуфар Олимовна2021-02-25 20:23:32

Албатта бу шарафлидир Президентимизнинг узбек тилида сузлаши хар бир узбекни юрагини жунбушга келтиради. Инсон хукуклари хамма нарсадан устун.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+