Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал

02.03.2021, 15:28

Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал

Ёш-ялангнинг тадбиркорлик кўникмалари қанча эрта шакллантирилса, уларда бу соҳага қизиқиш шунча ортиб боради. Агар бу қизиқтириш фақат сўзда эмас, амалда ҳам бўлсагина самара беради.

O’zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳам айни шу жиҳатларга эътибор қаратмоқдаки, партиянинг фаол ёшлари ташкил этилаётган мастер-класларда турли соҳа тадбиркорларининг тажрибаларини ўрганишаяпти.

O’zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш мақсадида Термиз туманида ана шундай мастер-класлар ташкил этилди.

Партиянинг 10 га яқин фаол ёшлари Термиз туманидаги «Халқобод» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Тамара Шоимованинг хонадонида бўлишди.  Тамара Шоимова 2020 йилда 3 сотих ер майдонига кредит асосида иссиқхона қуриб, 2021 йилда ушбу иссиқхонанинг даромадидан хонадонида яна битта 2.5 сотихлик мўъжазгина иссиқхона барпо этди. У ерда оила аъзолари билан биргаликда помидор етиштиришмоқда. Унинг айтишича, тадбиркор шу иссиқхонанинг ўзидан 15-16 миллион сўмгача даромад олаяпти.

Хонадон бекаси тадбиркорлик қилиш ниятида юрган ёшларга иссиқхона қуриш, умуман унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қандай етиштириш сирлари ҳақида гапириб берди. Шунингдек, бу борада қимматли тавсияларини ҳам ўртоқлашди.

Шундан сўнг, ёшлар тумандаги «Норҳамид бобо» балиқчилик фермер хўжалигининг фаолияти билан яқиндан танишишди. Асосан балиқларни етиштириб, ички бозорга ҳамда емакхоналарга тарқатадиган тадбиркор балиқчилик кони фойда юмуш эканлигини таъкидлади. Бу ерда ёшларга балиқчилик билан шуғулланиш учун ишни нимадан бошлаш лозимлиги, балиқларга бериладиган озиқалар, уларни етиштириш сирлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

— Мастер-класлардан сўнг, менда ҳам «Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастури доирасида кредит олиб, томорқамизда иссиқхона қуриш истаги пайдо бўлди, — дейди талаба Шоҳиста Назарова. — Аввал, бирор иш бошлашдан чўчирдим. Ўз кўзим билан кўргач, қизиқишим янада ортди. Муҳими, энди ишни нимадан бошлашни биламан.

Мастер-класлар давомида тадбир иштирокчилари тумандаги кафель ишлаб чиқарувчи корхона — «Сурхон керамикс» томон йўл олишди. У ерда ишлаб чиқариш жараёни, ишчиларга яратилган шароитлар билан танишилди.

Айниқса, Термиз шаҳридаги мономарказда олиб борилаётган ўқув жараёнлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Улар у ерда компьютер саводхонлиги, ҳамширалик курслари иш тартиби билан танишишди.

Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ 6099-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унга кўра, аҳолини соғлом турмуш тарзига риоя этишга чақириш мақсадида оммавий спорт тадбирларини, мусобақалар ташкил этилиб келинмоқда. Тадбир иштирокчилари Термиз шаҳридаги «Олимпиа захиралари» спорт мажмуида бўлиб ўтган кураш мусобақасида ҳам қатнашишди.    

Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал деган гап бор. Чиндан ҳам, бирор иш бошлашдан олдин тадбиркорлик билан шуғулланаётганларнинг фаолиятини кўриб-кузатиш кишида яхшироқ таассурот уйғотади, албатта. Жараёнда ўрганган билимлар ҳали хаёлда бўлган пишмаган хом режаларни пиширишга, янги иш бошлашга куч-ғайрат беради. Партия томонидан ёшлар учун ташкил этилган мазкур тадбир ҳам шундай эзгу мақсадга хизмат қилади.

O’zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    451
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+