Ер эгаларини қўллаб-қувватлаш – O‘zLiDePнинг ҳам устувор вазифаси (ВИДЕО)

02.10.2017, 20:24

Ер эгаларини қўллаб-қувватлаш – O‘zLiDePнинг ҳам устувор вазифаси (ВИДЕО)

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида Тошкент вилояти Зангиота туманида “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиши – бугунги давр талаби” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёш фермерлар кенгаши ва кўп тармоқли фермер, деҳқон хўжаликлари  раҳбарлари, томорқа ер эгалари  иштирок этди. Давра суҳбатида Президентимизнинг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, аграр соҳада олиб борилган кенг кўламли  ислоҳотларга қарамасдан, аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган. Фермер хўжаликларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланиб қолмоқда, уларнинг қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйишда мавжуд имкониятлардан фойдаланилмаяпти.

Давра суҳбати иштирокчилари Президентимизнинг юқоридаги фармони бу камчиликларни бартараф этишини таъкидлашди. Жумладан, фармонда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш, бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда уларнинг жавобгарлигини ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш каби вазифалар мамлакатимизда ердан оқилона ва самарали фойдаланишнинг янги босқичига ўтилганидан далолат беради. 

Фармон билан танишган ҳар бир киши ердан фойдаланиш янгича мезонлар асосида баҳоланишини англайди. Жумладан, кейинги йилдан бошлаб ҳар чоракда фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги эса ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилади. Ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади. Шунингдек, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади.

Давра суҳбати иштирокчилари Президентимиз фармонида деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилганига урғу беришди. “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонларининг таъсис этилаётгани деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнати давлат томонидан қўллаб-қувватланишини англатади.

Таъкидлаш жоиз, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ердан, хусусан, томорқадан унумли фойдаланаётган ер эгаларини қўллаб-қувватлаб келаётир. Шу мақсадда “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида партиямизнинг энг қуйи бўғини маҳаллий Кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари ва ҳудудий партия ташкилотлари билан ҳамкорликда томорқасида хусусий тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёки иш бошлаб айрим муаммоларга дуч келаётган оилаларга кўмак бериб келаётир. Шу кунгача қуйи бўғинларимиз 18 мингдан зиёд хонадон эгалари билан юзма-юз мулоқот қилишди. Мулоқотлардан кейин 13 мингга яқин хонадон эгалари ўз томорқасида хусусий фаолиятини бошлаб юборди. Лойиҳа доирасида 9 мингдан зиёд оилага, банкдан кредит олиш, уруғлик ва кўчатлар етказиб бериш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф-тавсиялар беришди. Президентимизнинг юқоридаги фармони мазкур лойиҳанинг аҳамияти нақадар юқори эканини яна бир карра исботлади. Шу билан бир қаторда қарорда белгиланган вазифалар сайловолди Дастуримиздаги вазифаларимиз билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Фармонда фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги халқ депутатлари туман Кенгашларида муҳокама этилишига алоҳида эътибор қаратилган. Бу мезон фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш билан бир қаторда маҳаллий вакиллик органларининг мавқеи ва масъулиятини янада оширади. Айниқса, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари электоратимиз бўлган ер эгалари – мулкдорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш, муаммоларини ўрганиш бўйича ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ меҳнат қилишларига тўғри келади.

Давра суҳбати якунида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг фаолиятини яхшилаш бўйича чора тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, бу йўналишда партия ташкилотлари ҳамда O‘zLiDeP фракцияси ва депутатлик гуруҳларининг вазифалари муҳокама этилди. Аграр соҳани ривожлантириш бўйича қонун ҳужжатларига тегишли тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томарқа ер эгалари учун имтиёзларни янада кенгайтириш бўйича мулоҳазалар тингланди, тажрибали деҳқонларнинг фикр-мулоҳазалари юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.   

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    1820
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+