O‘zLiDeP тадбиркорлар учун чинакам мулоқот майдонини яратмоқда

29.01.2018, 19:27

O‘zLiDeP тадбиркорлар учун чинакам мулоқот майдонини яратмоқда

Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Президентимизнинг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-табирлари тўғрисида”ги қарори бу борада юртимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни белгилаб берди.

Президентимиз имзолган мазкур фармон ва қарорнинг мазмун-моҳиятини тадбиркор ва фермерлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят Божхона бошқармаси, Товар хом ашё биржаси Наманган вилояти филиали ва Давлат Солиқ бошқармаси ҳамкорлигида “Тадбиркорлар ва фермерлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Фармонга асосан бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аграр комплексни ривожлантириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, озиқ-овқат бозори барқарорлигига таҳдидларни ўз вақтида бартараф этиш, озиқ-овқат товарлари импортини қулай божхона-тариф тартибга солиш бўйича чораларни белгиловчи “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ҳам айни кунга қадар дуч келинаётган тўсиқларни бартараф этишга, мамлакатда соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, Фармонга мувофиқ маҳаллий фермерларнинг, тадбиркорлик субъектларининг аҳамиятга молик озиқ-овқат товарларини экспорт ва импорт қилувчилар, чет эллик инвесторлар ва хорижий ҳамкорлар билан доимий асосда мунтазам очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотларнинг ташкил этилиши нафақат ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлайди, балки ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

– Тан олиш керак, шу кунга қадар бозорларда айрим импорт қилувчиларнинг устун мавқега эга бўлишига улар учун индивидуал имтиёз ва преференцияларнинг тақдим қилингани, уларнинг фаолияти учун эксклюзив шароитлар яратди, – деди “Тиллахон” хусусий корхонаси раҳбари Одилжон Бурхонов. – Бу эса бошқа тадбиркорлик субъектларининг бозорга кириш имкониятларини чеклади. Ишонамизки, ушбу фармон билан бу борадаги муаммолар ҳал қилиниб, мамлакатимизда соғлом рақобат муҳити янада ривожланади.

Давра суҳбати давомида Президентимизнинг “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-табирлари тўғрисида”ги қарори иқтисодиёт тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот, хом ашё ва материаллар турлари билан барқарор таъминлаш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан янада самарали фойдаланиш, шунингдек, иқтисодиётни либераллаштириш шароитида маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш имкониятини янада ошириши борасида ҳам сўз юритилди.

Товар хом ашё биржаси Наманган вилоят филиали мутахассиси Жахонгир Шорахимовнинг таъкидлашича, мазкур қарорга асосан цемент, шу жумладан цемент клинкери, асбест, қурилиш ойнаси, қора металлар прокати, ёғоч-тахта материаллари ва кўмир каби маҳсулотларни импорт қилиб, биржа савдолари орқали реализация қилган корхоналарга 2019 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан имтиёз берилмоқда. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда мазкур хом-ашё материалларига бўлган тақчилликни камайтириб, нархларини тушишига сабаб бўлади.    

Тадбирда Янгиқўрғон туманидаги “Тиллахон” хусусий корхонаси раҳбари ва Уйчи туманидаги “Наманган насл сервис” МЧЖ ва тадбиркор Маъруфхон Мўминов озиқ-овқат хавфсизлигини таьминлаш, аҳолининг арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдиришди.

ИБРОҲИМ САТТАРОВ,

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши бизнес тузилмалар

ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1481
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+