Давлат дастури халқимизни бир мақсад атрофида жипслаштиради

29.01.2018, 19:56

Давлат дастури халқимизни бир мақсад атрофида жипслаштиради

22 январь куни Президентимиз жорий йилнинг энг муҳим ҳужжатларидан бири – “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади. Мазкур фармон янги тараққиёт босқичимизнинг узвий давоми бўлиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётимиздаги ўзгариш ва янгиланишларга замин яратади. Шу боис ҳам унинг ижроси нафақат ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотидан, балки оддий фуқародан, сиз-билан биздан ҳам катта масъулият талаб қилади. Куни-кеча бўлиб ўтган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги қўшма йиғилишида ҳам шу ҳақида сўз борди.

Партия ходимлари, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, партия қошида тузилган экспертлар гуруҳи аъзолари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этган йиғилишда Президентимиз фармони ижросини таъминлаш бўйича O‘zLiDeP олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидлаш керак, Давлат дастури лойиҳаси O‘zLiDePнинг барча даражадаги ташкилотларида кенг муҳокама этилди. Эътиборга молик жиҳати, ана шу йиғилишларда улар томонидан юзга яқин таклифлар билдирилди. Ана шу рақамнинг ўзиёқ, юртдошларимизнинг амалга оширилаётган ислоҳотларда кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчи сифатида қатнашиш истаги борлигини намоён этади.

Тадбирда Давлат дастури, энг аввало, халқимизнинг синчков нигоҳидан ўтганига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса унинг халқчиллигини таъминлади. Шу боис ҳам унинг ижросини самарали йўлга қўйиш O‘zLiDePнинг устувор вазифасидир. Чунки Давлат дастурида мамлакат ривожланишининг муҳим асосларидан бири сифатида айнан фаол тадбиркорликни ривожлантиришга урғу берилаётганлиги тадбиркорлар учун, қолаверса мамлакат сиёсий майдонидан улар номидан фаолият олиб бораётган O‘zLiDeP учун ҳам жуда катта масъулият юклаши таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда Дастурда ўз аксини топган барча йўналишлар бўйича белгиланган вазифалар нафақат тегишли соҳаларда ўзгариш ясаши, балки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги сифат даражасига олиб чиқувчи ушбу ўзгаришлар юртимиз қиёфасини ҳам ўзгартиришни таъкидлаб ўтишди.

Энг аввало, мамлакатимиз раҳбари томонидан 2018 йилнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳал қилувчи йил сифатида таъкидлаганликлари, айнан шу йилда амалга ошириладиган вазифаларни ўзида акс эттирган Давлат дастурида белгилаб олинган вазифаларнинг ўз вақтида юқори даражада бажарилиши қанчалик аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Илгари сурилган масалалар миқёси уларни тўлақонли амалга оширилишида бутун жамиятимиз, халқимизнинг мамлакатимиз раҳбари атрофида жипслашиб, халқимизга хос шижоат, меҳнатсеварлик билан олдимизда турган марралар сари интилишимиз лозим бўлиши таъкидланди.

Бу борада тадбир иштирокчилари Давлат дастурида кўзда тутилган масалалар моҳияти юзасидан аҳолининг турли қатламлари орасида тушунтириш ишларини амалга оширувчи тарғибот гуруҳларини тузиш ва унинг ишини тизимли асосда ташкил қилишга келишиб олишди.

Ўз навбатида тадбиркорларга берилаётган мисли кўрилмаган имкониятлар, хусусан, тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими – “яшил” ва “қизил” йўлакларни жорий этиш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатиш ва бошқа кўплаб имтиёзлар бу тадбиркорларнинг ўз салоҳиятларини янада кенгроқ очиш учун имконият эканлиги, шу имкониятлардан фойдаланиб, мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилиш, янги иш ўринларини яратишда, умуман Давлат дастурини бажаришда тадбиркорлар том маънода локомотивга айланиши зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда партиянинг жорий йил учун қонун лойиҳаларини парламентда муҳокама этиш ва қабул қилишда партия фракцияси ролини кучайтириш, қонунларни қабул қилиш жараёнида аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш, давлат бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг қўшимча механизмларини жорий этиш бўйича ҳам аниқ таклифлар тингланди. Жумладан, давлат органлари фаолиятини режалаштириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда фуқароларимизни Олий Мажлис палаталарига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартибини жорий этиш, ёш оилалар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда уй-жой олиш имкониятини таъминлаш учун ушбу соҳада рақобатни ошириш бўйича ҳам ҳамкор ташкилотлар билан аниқ режалари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.  

Йиғилиш якунида партиянинг Давлат дастури ижроси бўйича тиббиёт сифатини давлат ва хусусий ҳамкорлик тамойили асосида тубдан яхшилаш, ана шу тамойил орқали мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аёллар ташаббускорлигини ошириш, замонавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш бўйича режа-дастури қизғин муҳокама этилди.  

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    3229
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+