Ҳудуддаги муаммо ва депутат масъулияти

30.01.2018, 16:43

Ҳудуддаги муаммо ва депутат масъулияти

Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги “Чексарой” маҳалла фуқаролар йиғинида уч километр масофадаги зовурлар ўз вақтида тозаланмагани оқибатида 200 дан ортиқ хонадонларда захлаш юзага келди.

Аҳоли томорқаларида сизот сувлари чиқди. Чексаройликларни ташвишга солган мазкур ҳолат билан танишган маҳаллий Кенгаш депутати Аҳмаджон Жўраев туман мелиорация бўлимига депутатлик сўрови юборди. Бинобарин, депутат ўзига ишонч билдириб сайлаган фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш бўйича муайян ҳуқуқ ва ваколатларга эга.

Дастлаб бу мурожаатга тегишли мутасаддилар юзаки қарадилар. Чунки жойлардаги давлат идоралари вакиллари, мансабдор шахсларнинг барчаси ҳам тепса-тебранмаслик, сансалорлик иллатларидан тўла халос бўлиб, бугуннинг талабини ҳис этиб ишлаяпти, десак, бир оз шошган бўламиз. Зеро, юқоридаги ҳолат бунинг далилидир.

Бироқ депутат чекинмади, қишлоқ одамларини қийнаётган муаммони ҳал қилишга қатъият билан киришди. Бу саъй-ҳаракат бесамар кетмади — депутат аралашуви билан ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги назорати остида ҳозирги пайтда Чексаройдаги зовурлар яроқли ҳолга келтирилмоқда.

Халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгашига “Шўроқер” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат этди. Унда “Шўроқер” ҳамда “Дўстлик” қабристонларини иҳоталаш, атрофидаги электр узаткичларни хавфсиз жойга кўчириш зарурлиги баён қилинганди. Маҳаллий Кенгаш иштироки ва фаоллигида бу муаммога ечим топилди. Ҳомийлар бириктирилиб, қабристонлар атрофи ўралди, ободонлаштирилди, электр узаткичлар олинди.

Маълумотларга кўра, ўтган йили халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгашига фуқаролардан юздан зиёд мурожаатлар ҳамда таклифлар келиб тушган. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти тегишли идоралар томонидан ўрганилди. Вилоят ва республика миқёсида ҳал этиладиган ўндан ортиқ мурожаатлар асосида таклифлар ишлаб чиқилди.

— Ҳудудларда ишсизлик муаммосини бартараф қилиш, одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш учун хусусий бизнес ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш айни муддаодир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Соҳибжон Исмоилов. — Бағдод туманида ҳам тадбиркорликни кенгайтириш учун шароит етарли, муҳими, одамларимиз омилкор. Масалан, ҳудудда дастмолқовоқ етиштириш билан шуғулланувчи ўнга яқин қишлоқлар бор. Айниқса, Каримбобо, Ойдинбулоқ, Бордон, Матқулобод, Чекмирзаобод, Пахта, Чексарой каби қишлоқлар томорқачилари катта тажрибага эга. Уларнинг айтишича, ўн сотих ердан 

2 ярим мингта дастмолқовоқ олиш мумкин. Маҳсулотнинг маҳаллий бозордаги нархи ўртача 3,5 минг сўм. Ундан йигирма турдан ортиқ тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин. Агар бу хом ашё талаб юқори бўлган давлатларга экспорт қилинса, унинг нархи 5 АҚШ долларигача кўтарилади.

Ёки туманда такрорий экин сифатида ҳар йили уч ярим минг гектарда супурги етиштирилади. Маҳсулотнинг ички бозордаги нархи 6 минг сўм.

Қисқаси, Бағдод туманида дастмолқовоқ, супурги саноат усулида етиштирилмаса-да, 2017 йили ҳудуд деҳқонлари 807 минг доллар қийматида ушбу турдаги маҳсулотларни экспортга чиқарди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Аҳмаджон Жўраевнинг айтишича, мазкур йўналишда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қайта ишлашга йўналтирилган тадбиркорлик субъектларини очиш учун аниқ таклифлар тайёрланди.

Юқоридаги мисоллардан кўринадики, Бағдодда маҳаллий Кенгаш депутатлари имкон қадар аҳолининг дарду ташвишларини ўрганиб, “қуйидан юқорига” тамойили асосида иш олиб боришга ҳаракат қилишмоқда. Бироқ вилоятдаги барча туманда ҳам шундай ижобий ўзгаришлар сезилаяпти, дейиш қийин. Мисол учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар Бувайда, Қува, Фарғона, Риштон, Ўзбекистон, Бешариқ, Ёзёвон туманларида уйма-уй юриб, аҳоли билан мулоқот олиб борганида, кўпчиликда эътироз уйғотаётган минглаб муаммолару долзарб масалалар аниқланди. Қизиғи, уларнинг аксариятидан ўша ҳудуддан сайланган халқ вакиллари бехабар.

Демак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада жонлантириш, уларда ишчанлик, ўз-ўзини танқид қилиш руҳини яратиш, депутат ҳамда сенаторлар амалий ишлари билан фаоллик кўрсатмоғи давр талаби бўлиб қолмоқда.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1580
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+