O‘zLiDeP: экспорт салоҳиятини ошириш электорат манфаатига хизмат қилади (ВИДЕО)

07.09.2017, 16:46

O‘zLiDeP: экспорт салоҳиятини ошириш электорат манфаатига хизмат қилади (ВИДЕО)

II Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ва Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликда “Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти: янги имкониятлар ва долзарб вазифалар” мавзуида бизнес-семинар ўтказилди. Тадбир бозор иштирокчиларига ўз экспорт салоҳиятини кенгайтиришга доир амалий тавсиялар олишда қулай имконият бўлди.

Бизнес-семинарни ўтказишдан мақсад амалий мисоллар асосида мамлакатимиз аграр тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, барча ҳудудларда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш борасидаги ишлар, экспортчилар учун яратилган имтиёзлар билан таништиришдан иборат. Тадбирда вазирлик ва идоралар, депутатлик корпуси вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этди.

Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги улкан салоҳиятга эга, бугунги кунда мамлакатимизда йилига 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари нафақат мамлакатимиз аҳолисининг эҳтиёжларини қондирмоқда, балки хорижга ҳам етказилмоқда.

Тадбирда иштирок этган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортчиларига қонунчилигимизда кўзда тутилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида батафсил ахборот тақдим этилди. Семинарда экспортни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи тегишли тузилмалар вакиллари маъруза қилиб, ўз фаолияти ва истиқболдаги вазифалари билан таништирди. Мамлакатимизда хомашё базасини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотни экспорт қилишнинг амалий жиҳатларига эътибор қаратилди.

Бизнес-семинар давомида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан боғлиқ муҳим масалалар, тармоқ экспорт салоҳиятини янада оширишда мавжуд имкониятлар ва долзарб вазифалар кўриб чиқилди. Экспортчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Тадбир давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчиларни ўйлантираётган қатор долзарб масалалар кўтарилди, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, географик жиҳатдан диверсификация қилиш, бозорда харидоргир янги турдаги маҳсулотлар етиштиришни кенгайтириш йўллари муҳокама қилинди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатли афзалликлари кучли бўлган йўналишларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини диверсификация қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Бизнес-семинарда мева-сабзавот маҳсулотларини сертификатлаштириш ва стандартлаштиришнинг янги тизими, “Ўзагроэкспорт” компанияси қошида мева-сабзавот маҳсулотларини сертификатлаштириш бўйича замонавий талаблар асосида жиҳозланган лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек сертификат олиш тартиботларини соддалаштириш зарурлиги қайд этилди. Экспортчи корхоналарни улар ўз экспортини қай даражада географик диверсификация қилгани асосида рағбатлантириш тизимини жорий қилиш ҳақида ҳам сўз юритилди.

Ўзбекистон аграр тармоғи экспорт салоҳиятини ривожлантиришда манфаатдор барча ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масаласига эътибор қаратилди. Шу муносабат билан O‘zLiDeP ташаббуси билан иштирокчилар, шу жумладан «Ўзбекозиқовкатсаноат» холдинг компанияси, «Ўзагроэкспорт» ихтисослашган ташқи савдо компанияси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Ўзвиносаноат-холдинг”, “Узтрейд” акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон фермерлар кенгаши, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Меморандум имзоланди. Унда иштирокчилар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларини янада қўллаб-қувватлашга интилишини тасдиқладилар ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини такомиллаштириш бўйича таклифларини илгари сурдилар. Ушбу меморандум доирасида O‘zLiDeP ҳудудий тузилмалари негизида экспортчиларга молия, тижорат, ҳуқуқий ва экспертлик фаолиятига доир масалаларнинг кенг доираси бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиш билан шуғулланадиган махсус гуруҳлар тузиш кўзда тутилган.

–Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш борасида биз тадбиркор ва фермерларга яратиб берган имкониятларидан фойдаланиб, дунё бозоридаги янги ҳамкорлар билан иш бошладик, - дейди “Green traffic Group” корхонаси раҳбари Ҳабибулла Аюпов. —Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари, Латвия, Эстония ҳамда Туркия каби мамлакатларга маҳсулот экспорт қилишни йўлга қўйдик. Ҳозирда ҳамкорларимиз етказиб бераётган маҳсулотларимиздан мамнун. Уларнинг талабини қондириш учун биз экспорт борасидаги билимларимизни янада бойитишимиз зарур. Бунда O‘zLiDeP томонидан республикамизнинг туман ва шаҳарларида ташкил этилиши режалаштирилаётган “Экпортга кўмаклашиш услубий-консальтинг гуруҳлари”нинг фойдаси катта бўлади, деб ҳисоблайман.

Мухтасар қилганда, бизнес-семинар нафақат мева-сабзавот соҳасининг улкан салоҳиятини, балки ишлаб-чиқарувчиларнинг экспорт миқёсини кенгайтиришдан манфаатдорлигини намойиш этди. Тадбирда кўтарилган масала ва муаммолар O‘zLiDeP назорати остига олинади, илгари сурилган таклифлар эса парламентдаги фракциянинг қонун ижодкорлиги фаолиятида инобатга олинади.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    1502
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+