Ички йўлларни таъмирлашга 40 йил керакми?

05.02.2018, 17:34

Ички йўлларни таъмирлашга 40 йил керакми?

Мамлакатимиздаги ички йўллар қачон мукаммал таъмирланади? Мактабларда фаррошлар штати нега қисқартирилди? Ҳудудларда ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарнинг самарадорлиги қачон ошади? Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси томонидан депутатлар, соҳа мутахассислари, олимлар, экспертлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирокида ташкил этилган кенгайтирилган йиғилишида шу каби масалалар муҳокама қилинди. Парламент аъзоларининг жойлардаги мавжуд аҳвол билан яқиндан танишиш, бу ердаги муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилган ишлар якуни юзасидан иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутасаддиларининг жавоби эшитилди.

Саноат зоналари муаммоси нимада?

Исломжон ЗОКИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

–  Фракциямиз аъзолари жорий йилнинг 13-20 январь кунлари аҳоли билан бевосита уйма-уй юриб, мулоқотлар ўтказди. Мулоқотлар мобайнида фуқаролар томонидан икки мингдан ортиқ турли йўналишдаги муаммолар кўтарилиб, уларнинг 796 таси депутатлар томонидан ўз жойида ҳал этилди. 1100 дан ортиғи туман ҳокимлиги орқали туманнинг тегишли мутасадди ташкилотларига ижро учун юборилди. Шу билан бирга, республика даражасидаги 200 дан ортиқ муаммо алоҳида ажратиб олиниб, парламент назоратининг турли шакллари орқали бартараф этишга киришилди.

Чунки, биз кўтараётган масалалар, нафақат битта сайлов округи, балки республиканинг барча туманларида бир неча йиллардан буён ўзининг ечимини кутмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини бошқариш ҳамда улар фаолиятини ташкил этишнинг янги тизими тўлиқ жорий этилган бўлса-да, ўрганишлар давомида бир қатор муаммоли масалаларга дуч келдик.

Хусусан, кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича Республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан бир қаторда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан режа асосида тизимли ишлар олиб борилмаётгани кўзга ташланади.  Айрим давлат мулки объектларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Саноат зоналарида инженер-техник коммуникация ишлари («Ўзбекэнерго», «Ўзтрансгаз» ташкилотлари томонидан) ўз вақтида ҳал этилмаган. Биргина, худди шундай Янгиер кичик саноат зонасида худди шундай ҳолат кузатилди.

Дилшод АСОМОВ,

Иқтисодиёт вазири ўринбосари:

–  Бугунги кунда мамлакатимизда 14 та эркин иқтисодий ва 45 та кичик саноат зоналари фаолият олиб бормоқда. «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонун бундан 22 йил олдин қабул қилингани боис, унинг нормалари жуда эскирган. Уни бугунги кун талаби асосида қайта кўриб чиқиш зарур.

Ўрганишлар жараёнида деярли барча ҳудудларда маҳаллий ички йўлларнинг ҳолати ачинарли экани кузатилди. Жумладан, Мирзачўл тумани ҳудудида жами 149 километр, Ёзёвон туманида 328 километр ички йўллар таъмирталаб ҳолатда. Бундай рақамлар республиканинг Нуробод, Миришкор, Шуманай, Олтинсой, Томди, Янгибозор, Хонобод, Ромитан, Мингбулоқ, Оқолтин, Зангиота туманларида ҳам мавжудлиги кузатилди.

2017 йил Давлат дастури бўйича автомобиль йўллари ҳолатини яхшилаш ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, 1,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши белгиланган.

1 йилда 2,5 фоизга бажарилмоқда

Соҳибжон ИСМОИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– 2009 йилдан буён ички йўлларга алоҳида эътибор қаратила бошланган бўлса-да, республика бўйича йўл қурилиш ишлари 1 йилда 2,5 фоизга бажарилмоқда. Умумий ҳажмни тугаллаш учун 40 йил сарф бўлади. Йўлни сақлаш муддати 18 йил, лекин аксарият ички йўллар 2-3 йилда яна таъмирталаб ҳолатга тушиб қоляпти.

Умуман, ушбу мақсадларда йўналтирилган маблағлар қандай самара бермоқда? Ички йўлларни яхшилаш бўйича яна қандай чоралар белгилаш мақсадга мувофиқ?!

Абдуҳофиз КАРИМОВ,

Молия вазири ўринбосари:

–  Республика миқёсида 116 минг 560 км ички йўллар бўлса, ўтган 8 йилда уларнинг 12 минг километрни таъмирлаш учун давлат бюджети ва Республика йўл жамғармасидан 524 миллиард 473 миллион сўм маблағ ажратилган. Аммо 2017 йилдан бошлаб ички йўллар таъмири учун ажратиладиган маблағ нисбатан кўпайтирилди. 2017 йилнинг ўзида бу мақсадларга, яъни 3690 километр ички йўлларни таъмирлаш учун 356 миллиард сўм ажратилди. 2018 йилда эса ундан ҳам кўп, яъни 3779 километр йўлни таъмирлаш учун 369 миллиард сўм ажратиляпти. Юқорида келтирилган рақамлар тўғри. Аммо биз ҳам давлат бюджети имкониятларидан келиб чиқиб йўл таъмири учун маблағ ажратамиз.

Мактаб тозалилига ким масъул?

Депутатларнинг қайд этишича, Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлигининг буйруғига асосан ҳозирги кунда республикамиздаги барча мактабларда 700 мтерквадрат майдонга 1 нафар фаррош ҳисобидан штат бирлиги ажратилган.

Натижада, айниқса, қишлоқ жойларда мактабларни тоза сақлаш масаласида бир мунча қийинчиликлар туғилмоқда. Содда қилиб айтганда, тозалик таъминланмаяпти, бу эса, болалар соғлиғига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу ўринда айтиш лозимки, 2010 йилга қадар 1 нафар фаррош штат бирлиги 1 ставкаси учун 400 метрквадрат майдон, кейинчалик 500 метрквадрат этиб белгиланган. Бугунги кунга тозаланган ҳар бир метрквадрат учун 172 сўмдан иш ҳақи тўланяпти. Натижада фаррошларнинг иш ҳажми кўпайиб, улар жисмонан бу ҳудудни тозалашга улгурмаяпти. Берилган ойлик иш ҳақи кўпайгани билан иш ҳажмининг ошиши мактаб тозалигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатяпти. Депутатлар бир неча ҳудудларда шу каби муаммога дуч келганини таъкидлади.

Абдуҳофиз КАРИМОВ,

Молия вазири ўринбосари:

– Чиндан ҳам, бу муаммо устида бир неча бор ишлаганмиз. Айни пайтда мактабларда 13 мингта фаррош штати қисқартирилди. Уларнинг мавжуд юкламаси ошиши ҳисобига ойлик иш ҳақини оширишга эришдик. Аммо иш ҳажми жуда юқори ва кўпгина мактабларда умуман қисқартириб юборилган. Агар ҳозир бу штатлар қайта тикланадиган бўлса, ҳар ой бюджетдан 86 миллион сўм маблағ ажратилиши талаб этилади. Бюджетни оптималлаштириш борасида бошқа таклифларни ҳам ўрганяпмиз. Бу масала устида ҳам яна ўрганишлар олиб борамиз.

Кенгайтирилган йиғилишда одамларни қийнаётган шу каби бир неча ҳаётий муаммолар,  уларнинг ечимига оид таклифлар ўртага ташланди. Эшитув якунларига кўра, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

«Жамият»

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    969
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш