Депутатлар қарорларнинг Тошкент шаҳридаги ижросини кўриб чиқди

05.02.2018, 19:10

Депутатлар қарорларнинг Тошкент шаҳридаги ижросини кўриб чиқди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор қарорлари ижроси бўйича Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди. 

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 31 январдаги “Кичик ва хусусий тадбиркорликни микрокредитлаш тизимини янада кенгайтириш ва соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ахборот берилди. Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассисларининг маълумотларига кўра, ўтган йили пойтахтимиздаги 2 минг 411 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектига 55 миллиард 566 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган. 

Шунингдек, тижорат банклари вакиллари томонидан хонадонларга бориб, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича қилинган ишлар танқидий кўриб чиқилди. 

Президентимизнинг 2016 йил 15 сентябрдаги “2016-2020 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори юзасидан мазкур соҳа бўйича Тошкент шаҳридаги амалий ишлар сарҳисоб қилинди. Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармаси маълумотларига кўра, 2018 йил январь ойи ҳолатига кўра, пойтахтимизда 151 та корхона чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Ушбу корхоналар томонидан 2017 йилда 145 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш тўғрисида”ги қарори асосида Тошкент шаҳрида фойдаланилмай турган ва қурилиши тугалланмаган давлат объектлари хатловдан ўтказилди. Хатлов жараёнида аниқланган бўш турган йирик объектлар бўйича кичик саноат зоналари ташкил қилиш учун таклифлар тайёрланди. 

Йиғилишда Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди. 

ЎзА
 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    119
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш