Мамлакатимизнинг туризм салоҳияти юксалади

06.02.2018, 19:05

Мамлакатимизнинг туризм салоҳияти юксалади

Туризмни маданиятлар риштаси деб бежиз айтмайдилар. Инсон умргузаронлик қилар экан, олам гўзалликларига ҳамиша талпиниб яшайди. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида туризмни ривожлантириш эвазига мамлакат иқтисодига яхшигина даромад келиб тушаётгани бор гап. Мингга яқин тарихий меъморий обида ва қадамжолар мавжуд бўлган бизнинг мамлакатимизда туризм имкониятлари ниҳоятда кенг эканлигини алоҳида таъкидлашни истардим.  

Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони соҳани ривожлантириш, янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқишида яқиндан ёрдам беради.  Туризмни ривожлантириш йўлида изланаётган ёш тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, тематик хиёбонлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш ва жиҳозланиши учун олиб кириладиган материалларни тўланадиган божхона хизматларидан озод этилиши соҳа ривожига хизмат қилади. Фармонда ички туризм, дам олишнинг турлари, спорт туризмини ривожлантиришга эътибор қаратиш, табиий ҳудудларни сақлаш ва дунёга намоён этиш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилган. Мамлакатимизда бой табиий, маданий ва тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва мавжуд ресурслари ва имкониятлардан самарали фойдаланиш бугуннинг долзарб вазифасидир. Туризмга инвестицияларни жалб этиш, инновацион ғоя ва технологияларни олиб киришда божхона хизматларидан озод этилиши туризм хизматларини замонавийлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Эндиликда мазкур соҳа такомили учун амалга ошириладиган ҳар бир лойиҳа учун 10 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши ҳам кўплаб янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришни таъминлайди.

Қадимда шарқнинг гавҳари дея аталган бизнинг Шаҳрисабз шаҳримиздаги меъморий обидаларни кўриш истагида бўлган хорижликлар сон мингта. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг муаззам кошонаси бўлмиш Оқсарой, Дорилтиловат, Доруссаодат каби юзлаб тарихий объектларни хорижликлар ҳамон ҳайрату ҳавас бирла томоша қилмоқдалар. Тўғри истиқлол йилларида бой маданий меросимизнинг ёрқин намунаси бўлган бу гўзал иншоатларни сақлаш ва таъмирлаш борасида қатор ишлар қилинди. Бироқ бугунги кунда воҳамизда туризм салоҳиятидан етарли фойдаланилмоқда дея олмаймиз. Туризм равнақи йўлидаги ишларни замонавийлаштириш, хусусан, интернет тармоғидан самарали фойдаланиш борасида ҳам ҳали кўп иш қилишимиз керак. Бу вазифаларни бажаришда муҳтарам юртбошимизнинг Фармони бизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади.   

O‘zLiDeP Шаҳрисабз Кенгаши фаоллари ва партия депутатлик гуруҳи аъзолари иштирокидаги йиғилишда мазкур Фармонни ўқиб-ўрганиш ва партия электорати ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳамда унда кўрсатиб ўтилган устувор вазифаларни амалга ошириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.  Бу йил вилоят кенгаши билан ҳамкорликда “Шарқнинг гавҳари Шаҳрисабзга марҳабо!” деган туристик акция ташкил этишни режалаштираяпмиз. Мазкур акция доирасидаги тадбирларда воҳамиздаги барча меъморий обидалар, қадимий иншоатлар, муқаддам қадамжолар ва  гўзал табиат қўйнида саёҳатлар уюштирмоқчимиз. Туризм ривожи учун инвестициялар киритиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этадиган ёш тадбиркорларга ўз лойиҳаларини амалга оширишда яқиндан ёрдам берамиз.

                            Улоч ЯРАШЕВ,

Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1700
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+