Партия кўмагида Қўрғонтепада 220 нафар хотин-қиз бепул тиббий кўрикдан ўтказилди

08.02.2018, 16:35

Партия кўмагида Қўрғонтепада 220 нафар хотин-қиз бепул тиббий кўрикдан ўтказилди

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Қўрғонтепа туманидаги Савай қишлоқ врачлик пунктида Андижон вилоят она ва бола скрининг маркази ҳамкорлигида “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида амалий семинар ташкил этилди. Унда сўз олган вилоят она ва бола скрининг маркази директори Раънохон Саттарова ёш қизларни турмушга тайёрлаш, ҳомиладорлик давридаги ўзгаришлар, ирсий ва турли касалликларни олдини олишда скрининг текширувларнинг аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритиб, ҳаётий мисоллар орқали йиғилганларга тушунтиришлар берди.

– Айнан чекка ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларида мана шундай семинарлар ўтказилиши келинчакларимиз учун қулайлик яратмоқда, – дейди O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Хуршидахон Халилова. – Тадбир давомида ёш келинларимиз томонидан мутахассисларга берилган саволлардан кўриндики, скрининг текширувлардаги илғор тажрибаларни олис ҳудудларда ҳам янада кенгроқ оммалаштириш керак.

– Иккинчи фарзандимга ҳомиладорлик бироз қийин кечмоқда, – дейди 1992 йилда туғилган, Савай қишлоғида истиқомат қилувчи Мақсуда Мансурахонова. – Ҳар сафар марказга тиббий кўрик ва маслаҳат учун боришга бироз қийналардим. Бугун ташкил этилган семинарда саволларимга жавоб олиш билан бирга бепул скрининг текширувидан ҳам ўтганимдан хурсандман.

Шунингдек, шу куни тумандаги 14-умумтаълим мактабида юқори синф ўқувчи қизлари учун ҳам давра суҳбати ўтказилди. Унда тумандаги “Шифо Махлиё диагностика” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маҳлиё Бўлишева томонидан балоғат ёшидаги қизлар учун берилган тиббий тавсия ва маслаҳатлар иштирокчиларга мустақил ҳаётда асқотиши учун асос бўлди.

Қўрғонтепа туманида бўлиб ўтган семинар ва давра суҳбати давомида жами 220 нафар хотин-қиз бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

Умидахон ИСАЕВА,

O‘zLiDeP Андижон вилоят  Кенгаши

бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    962
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+