Самарқанд шаҳридаги “Фарҳод” қўрғончасида ташкил этилган сайёр қабулда аҳоли муаммолари ўрганилди (+фото)

08.02.2018, 22:30

Самарқанд шаҳридаги “Фарҳод” қўрғончасида ташкил этилган сайёр қабулда аҳоли муаммолари ўрганилди (+фото)

– Шу маҳаллада 40 йилдан буён яшайман, – дейди Ж.Сулаймонов. – Маҳалламиз Самарқанд шаҳридан анча олис жойлашган. Шаҳарга чиқишга транспорт масаласи анча йиллардан бўён муаммо бўлиб келмоқда. Бир неча ташкилотларга мурожаат қилдик.

O’zLiDeP масъул ходимлари ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан Самарқанд шаҳридаги “Фарҳод” қурғончасида ташкил этилган сайёр қабулда кўплаб инсонларнинг муаммоларига ечим изланди. Очиқ мулоқотда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, банк муассасалари раҳбарлари, шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларни ҳал этиш учун ечим топилди.

Сайёр қабулда туманда мурожаатлар билан ишлаш, одамлар қалбига йўл топиш, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларига ечим излаш борасидаги ишлар танқидий таҳлил руҳида кўриб чиқилди. Баъзи раҳбарлар аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётгани кескин танқид қилинди. Мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилишга юқори малакали кадрларни жалб этиш, мурожаатчига кўтарилган масаланинг ҳуқуқий ечимларини тўғри тушунтириш зарурлиги қайд этилди.

Сайёр қабулда турли соҳалар вакиллари таклиф этилгани мулоқотни самарали ташкил қилиш имконини берди. Эътиборлиси, қатор масалалар жойида ҳал қилинди. Қўшимча ўрганиш, текшириш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари ўзларига тегишли ҳар бир масала ечими учун жавобгарликни зиммасига олди.

Масалан, Ш.Худайбердиева ушбу маҳаллада кўп қаватли уйларда иссиқ сув таъминоти умуман йўқлиги юзавсидан мурожжат этди. Сайёр қабулда соҳа мутасаддилари Ш.Хўдайбердиевани мазкур масала юзасидан қилган мурожаати назоратга олиниб, давлат дастурига киритиладиган бўлди.

Очиқ мулоқотда фуқаролардан соғлиқни сақлаш масаласида ҳам қатор мурожаатлар бўлди.

– Ҳалигача маҳалламизда на касалхона, на дорихона бор, – дейди “Ширин” маҳалласида истиқомат қилувчи Ж.Сўлаймонов. – Ўз соғлигимиз юзасидан шаҳар марказига боришга тўғри келади. Муттасаддилар мазкур масалани атрофлича ўрганиб яқин вақтларда ечимини топишга ваъда беришди.

Фуқароларнинг дардини эшитиш, мурожаатларини вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш барча мутасадди раҳбарлар олдида турган энг муҳим вазифа сифатида қўйилаётгани одамларнинг адолатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Масалан, “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи Н. Йўлдошев мактаб қуриш ҳақидаги мурожаати, шу маҳаллада яшовчи Ш.Шарипова газ ва электр таъминоти учун банк шахобчасини очиш тўғрисидаги мурожаатлари сайёр қабулда қаноатлантирилганидан ҳурсанд.

Мазкур очиқ мулоқот Самарқанд шаҳрида ҳам ҳали-ҳануз жуда кўп муаммолар борлигини кўрсатди. Уларнинг ечими қандай? Ҳар бир мурожаат ўз ечимини топиши, адолат ва ҳақиқат амалда таъминланиши, ҳудуд аҳолисининг шикоятлари камайиши учун нима ишларни қилиш керак?

– Президентимиз халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини таъминлашда кўзимизни очиб берди, шу пайтгача қуйи бўғинларга тушмаганимиз оқибатида шу муаммолар йиғилиб қолган, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Якубов. – Энди фаолиятимизни бугунги кун талаби даражасида тубдан ислоҳ қилиш, иш самарадорлигини ошириш, олдимизда турган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, фуқаролар мурожаатларига масъулият билан ёндашиш барча бўғиндаги партия ташкилотлари, партия фаоллари ва депутатлар фаолиятининг асосига айланиши лозим.

  • Кўрилди
    144
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш