Самарқанд вилоятида O‘zLiDeP масъул ходимлари иштирокида ташкил этилган сайёр қабулда муаммолар ижобий ҳал этилди

09.02.2018, 16:00

Самарқанд вилоятида O‘zLiDeP масъул ходимлари иштирокида ташкил этилган сайёр қабулда муаммолар ижобий ҳал этилди

O‘zLiDeP масъул ходимлари ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги Зарафшон маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Фарҳод қўрғони” аҳолиси билан юзма-юз мулоқот қилди. Мулоқотларда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Якубов иштирок этди.  

Жомбой туманидаги Зарафшон маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабулда аҳоли томонидан газ ва электр энергиясидаги узилишларни бартараф этиш, йўлларни капитал ва жорий таъмирлаш, тоза ичимлик суви таъминоти, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ёшларни ишга жойлаштиришга оид мурожаатлар келиб тушди. 

Зулхумор Раҳимжонова O‘zLiDeP раҳбариятига шикоят йўллаган фуқаролардан бири. Сайёр қабулда у ўн олти йилдан буён этикдўзлик қилиб келаётганини таъкидлади.

– Фаолиятимни янада кенгайтириш мақсадида кредит олиш учун “Халқ банки” туман филиалига мурожаат қилдим, – дейди З.Раҳимжонова. – Банк ходимлари менга йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти билан кредит беришлари мумкинлигини айтишди. Мен кредит фоизи оғирлик қилишини тушунтирдим.

З.Раҳимжонова фоиз ставкаси пастроқ бўлганида, хорижда ишлаб юрган турмуш ўртоғини ҳам қайтариб, оилавий иш бошламоқчи эканлигини таъкидлаб ўтди. Сайёр қабулда кўтарилган ушбу масала ижобий ечим топиб, З.Раҳимжоновага “Халқ банки”нинг имтиёзли кредити бериладиган бўлди.

Мамарасул Эргашовнинг ҳам савдо дўкони очиш учун банкдан кредит олиш борасидаги мурожаати бесамар кетмади. Агробанк туман филиали ходимлари мурожаатчига йўл-йўриқ кўрсатиб, ушбу масала тез орада ечим топишига ваъда беришди.

– Мамлакатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, – дейди фуқаро Зулфия Халилова. – Мен ҳам ана шу имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда, ўз тадбиркорлигимни йўлга қўймоқчиман. Бугунги сайёр қабулда O‘zLiDeP раҳбарлари ва депутатларига маҳалламизда ташландиқ бўлиб ётган ердан фойдаланиш режам борлигини айтдим. Мурожаатим партия раҳбарлари кўмагида ижобий ҳал этиладиган бўлди.

– Шу маҳаллада 40 йилдан буён яшайман, – дейди “Фарҳод” қўрғончасида истиқомат қилаётган Ж.Сулаймонов. – Маҳалламиз Самарқанд шаҳридан анча олис жойлашган. Шаҳарга бориб-келишда транспорт масаласида анча йиллардан қийналиб келаётган эдик. Бир неча ташкилотларга мурожаат қилдик. Аммо натижаси бўлмади. Бугунги сайёр қабулда мурожаатимиз O‘zLiDeP депутатлари томонидан назоратга олинди.

“Фарҳод” қўрғончасида бўлиб ўтган сайёр қабул давомида Ш.Худойбердиеванинг кўп қаватли уйларда иссиқ сув йўқлиги тўғрисидаги мурожаати, Ж.Сўлаймоновнинг маҳаллада дорихона ташкил этиш, “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи Н. Йўлдошевнинг мактаб қуриш ҳамда Ш.Шарипованинг газ ва электр таъминоти тўловларини тўлаш учун банк шохобчасини очиш тўғрисидаги мурожаатлари жойида ҳал этилди.

– Бугунги юзма-юз мулоқот Самарқанд вилоятида муаммолар ҳали ҳам кўплигини кўрсатди, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Якубов. – Президентимиз таъкидлаганидек, шу пайтгача қуйи бўғинларга тушмаганимиз оқибатида муаммолар йиғилиб қолган. Энди фаолиятимизни бугунги кун талаби даражасида тубдан ислоҳ қилиш, иш самарадорлигини ошириш, олдимизда турган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, фуқаролар мурожаатларига масъулият билан ёндашиш барча бўғиндаги партия ташкилотлари, партия фаоллари ва депутатлар фаолиятининг бош мезонига айланиши лозим. Бир сўз билан айтганда, халқни рози қилиш учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз керак.

Сайёр қабулда деҳқончилик қилиш учун ер ажратиб бериш, кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил қилиш, маҳаллада савдо дўкони очиш каби йўналишларда қилинган барча мурожаатлар депутатлар назоратига олинди. 

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1199
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+