Бугуннинг чорвадорига осонми?

11.02.2018, 19:52

Бугуннинг чорвадорига осонми?

Намоз ака билан яйловда кўришдик. Фермер сурувни оралаб, чўпонлар билан отарни қишловдан беталофат олиб чиқиш бўйича маслаҳатлашаётган экан. Синчков чорвадор эмасми, бир қарашдаёқ касалликка чалинган чорва молини аниқлаб, зудлик билан ветеринарга кўрсатиш кераклигини та­йинлади-да, кейин бизга юзланди.

– Чорвачилик энг машаққатли соҳа, гўштини еймиз, сутини ичамизу, лекин баъзида ношукрлик ҳам қиладиганлар топилади, – дейди Муборак туманидаги “Навбаҳор” фермер хўжалиги раиси Намоз Баҳронов биз билан саломлашар экан. – Раҳматли отам Равшан бобо ҳам бир умр чўпонлик қилган. Ўзим олти ёшимдаёқ яйловга чиқиб, отамга ёрдам берардим. Ҳаётимнинг асосий қисми Қорақум қишлоғи кенгликларида ўтаяпти. Қўйчилик ниҳоятда машаққатли, қўй-қўзилар юриб, ризқини териб ейдиган жонивор. Ҳақиқий чўпон туну кун бедор яшашга мажбур. Чорва ортидан юриш учун метиндай ирода ва сабот керак.

Намоз Баҳронов ёшликдан чорвачиликка меҳр қўйиб, тармоқни ривожлантириш йўлида кўп йиллар ишлаб, катта тажриба орттирганидан сўнг ота касбини улуғлаш мақсадида 1992 йилда “Навбаҳор” фермер хўжалигига асос солди. Дастлабки йилда 30 гектар пахта экиладиган ер майдони ва 5 гектар яйлов бор эди. Ҳозирги кунда 659 гектар ер бор. 53 гектари сувли, қолгани яйловдан иборат. 70 сотих майдондаги боғ ҳосилга кирган. Фермер чорвачиликни 200 бош майда шохли мол билан бошлаган эди. Ҳозир уларнинг бош сони 1084 тага етди. Хўжаликда 50 нафар қорақумлик ёшлар иш билан таъминланган. Қўйчиликни ривожлантириш мақсадида иккита йирик комплекс қурилиб, битта эски қўйхона капитал таъмирланди.

– Бу жойлар бир пайтлар қумлик­лардан иборат саҳро бўлган, – гурунгимизни давом эттиради фермер. – Фақат баҳордагина одамлар қўйларини боқиш учун келишган. Сув сақлаш мақсадида тикланган сардобалар чўпонларнинг жонига оро кирган. Баҳор серёғин келиб, худойим осмондан дурларини тўкканда чорванинг йили келди деймиз. Муборак чўлларида 70 дан ортиқ турли гиёҳ ва ўт-ўланлар кўкариб чиқади. Улар ҳар қандай концентрат озуқадан-да кучли. Шу йили қўй-қўзи икки бараварга кўпаяди, мутлақо касаллик бўлмайди. Йил қурғоқчилик келганда эса яйлов излаб сарсон-саргардон бўламиз. Боя таъкидлаганимдек, қўй-қўзи серўт яйловлар томон талпинаверади. Уларни қўлдан озуқа бериб, боқиб бўлмайди.

Гўштнинг нархи ошиб кетди, деб нолиймиз. Аммо ем-хашак нархи ҳам ошаяпти-да. Чорвачилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликларига концентрат ем, ёқилғи, минерал ўғитлар ёпиқ биржалар асосида сотилиши керак. Очиқ биржадан маҳсулот харид қилиш жуда қийин. Устамонлар кўп. Қачонки, сарф-харажатлар камайса, гўштнинг нархи тушади. Ҳаммаси таннархга боғлиқ. Чорвачилик учун етарли даражада яйловлар ажратилиши керак. Банклардан наслли қўйлар ва тивит эчкилар сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилса, тармоқ тезкорлик билан ривожланади.

Фермер хўжалиги Қорақум қиш­лоғи ҳудудида жойлашган. Ўтган йили 17 гектар майдонга “Бухоро-8” навли чигит экилиб, 40 центнердан пахта хомашёси йиғиштириб олинди. Давлатга ғалла етказиб бериш бўйича йиллик шартнома ҳам ортиғи билан бажарилди. Бу йилдан бош­лаб хўжалик тўлиқ чорвачиликка ўтиши режалаштирилган. 5 бош от,  4 бош туя, 10 уя асалари бор. Чорвачиликни ривожлантириш борасидаги вилоят дастури асосида замонавий чорва комплекси барпо этиляпти. Жорий йил охирида фойдаланишга топшириладиган мазкур комплексда хориждан келтириладиган минг бош зотдор чорва моллари парвариши йўлга қўйилади.

– Озуқа етиштириладиган экин майдонларини каналдан насос ёрдамида суғорамиз, – дейди Намоз ака. – Ҳамма вақт ҳам каналда сув оқавермайди. Энг зарур кезларда сув тўхтаб қолади. Қанчалик машаққат бўлмасин, озуқа етиштиришимиз талаб этилади. Оқар сув таъминотини яхшилаш мақсадида 100 метр чуқурликдан артезиан орқали сув оламиз. Иккинчи артезиан суви 180 метр чуқурликдан чиқаркан. Яқин кунларда униям қазишни бошлаймиз. Агар электр энергияси тўловидан озгина бўлса-да имтиёз берилса, яхши бўларди-да.

Кекса чўпонларнинг бир гапи бор. Қўйнинг олдидан ем ва хашак ортиб қолсагина, маҳсулдорлик ортади. Чорвадор чорвага қирқ йил қараса, чорванинг бир марта қарагани етади, дейдилар. Яна бир гап. Дунёда ўнта барака бор, шундан тўққизтаси савдода, биттаси эса чорвага берилган, дейишади. Биз томонларда хонадонида қўй-қўзиси, чорва моли бўлмаган оила жуда кам топиларди. Энди озуқа қимматлиги, яйловлар қисқариб бораётгани боис кўпчилик чорвачилик билан шуғулланмай қўйди.

Баҳроновлар оиласи тумандаги энг намунали оилалардан саналади. У кишининг уч ўғли ҳам олий маълумотли бўлиб, мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, эл фаровонлигини таъминлаш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиб келишяпти. Оила бекаси Гулнора опа узоқ йиллардан буён турмуш ўртоғи билан ёнма-ён меҳнат қилади. Фермер қўли очиқнинг йўли очиқ деган ҳикматга амал қилган ҳолда ҳар йили ҳамқишлоқларига йирик ва майда шохли молларни хайрия йўлида тарқатади. Ҳозирга қадар 80 бош чорва моллари кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронларга ҳадя этилган. Қорақум қишлоғидаги 6-мактабни ўз оталиғига олган. Мазкур билим мас­канида мунтазам бўлиб, ўқув-тарбия ишлари, болаларга яратилаётган шарт-шароитлар билан танишиб туради. Аълочи ва жамоатчи ўқувчиларга ҳар йили совға-саломлар улашади. Мактабдаги спорт зали ва йўлакларни хўжалик ҳисобидан таъмирлаб берган.

– Намоз Баҳронов қўйчиликни ривожлантириш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган билимдон фермерлардан ҳисобланади, – дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасининг чорвачилик бўлими бошлиғи Абдуқаюм Бекназаров. – У кишининг қоракўлчиликни ривожлантириш борасидаги тажрибасини бутун вилоят чорвадорлари ўртасида тарғиб қилаяпмиз. Вилоятимизда 4 миллион 416 минг бош қўй бор. Шундан 164 минг боши фермер хўжаликларида, 386 минг боши қишлоқ хўжалик корхоналарида боқиляпти. Қолгани аҳоли хонадонларида. 300 минг бошдан кўпроғини қоракўл зотли қўйлар ташкил этиб, асосан Муборак, Косон, Нишон, Миришкор туманларида боқилади. Ҳисори ва жайдари зотли қўйлар эса юқори туманларда парвариш қилинаяпти. Президентимизнинг ўтган йил 16 мартдаги қарори асосида мамлакатимизда чорвачиликда ҳам муҳим ислоҳотлар амалга ошириляпти. Вилоятда яйловларимиз етарли, бироқ чорва озуқаси қимматлашиб кетди. Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни тубдан такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, мутасадди идораларга юбордик. Бугун тармоқни ривожлантириш учун чорвачилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари, МЧЖ ва корхоналарга лимит асосида кафолатланган сув таъминотини йўлга қўйиш, банклардан 5-7 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилиши керак. Ҳар бир туманда камида 30 гектар ери бор уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил этган ҳолда юқори ҳосилдорликка эга озуқа экинлари уруғи етиштирилиб, фермер хўжаликларига арзон баҳоларда етказиб берилса, гўштнинг нархи тушиши аниқ. Наслчилик ишларини Ўзбекистон Чорвачилик илмий-тадқиқот институти вилоят филиали билан наслчилик инспекцияси ҳамкорлигида меъёрий қўлланмалар асосида ташкил этишни бошлаб юбордик. Мақсад чорва маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва таннархини арзонлаштиришдир. Тез орада бу саъй­-ҳаракатлар ўз самарасини беришига ишонамиз.

Намоз Баҳронов O‘zLiDePнинг Муборак туман Кенгаши аъзоси, бош­ланғич партия ташкилоти етакчиси сифатида ҳам фаоллик билан иш олиб бораётир. Қуйи бўғиннинг 15 нафар аъзоси бўлиб, улар партия ишини ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш борасида янги-янги таклифларни ўртага ташламоқдалар. Шавкат Искандаров, Баҳодир Маъмуров, Қўчқор Ёқубов, Маъруф Баҳроновлар дастурий мақсадларни тарғиб қилишда барчага ўрнак бўлишяпти. Туманнинг илғор фермерларидан Азамат Эшқувватов, Файзулла Жумабоев ва Шокир Сафаровлар мазкур қуйи бўғиннинг фаоллари саналишади. Яқинда бўлиб ўтган йиғилишда чорвачиликни ривожлантириш борасидаги бир қатор амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларга юбориш учун туман Кенгашига тақдим этилди. Қуйи бўғин етакчиси партия иши ривожига қўшган ҳиссаси учун O‘zLiDeP вилоят ва туман кенгашларининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.

                                                                                                                                   “ХХI asr”

  • Кўрилди
    1466
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+