Президент ғоялари билан келажак сари (+видео, фото)

13.02.2018, 17:43

Президент ғоялари билан келажак сари (+видео, фото)

Жорий йилнинг 13 февраль куни шу шиор остида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон фаол тадбиркорлари анжумани бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан бир қатор идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда  видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 2 мингга яқин тадбиркор ва фермерлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирликлар ва идоралар вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланган вазифалар тадбиркорлар томонидан атрофлича ўрганилди, галдаги биргаликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда юртимиз равнақи учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу Давлат дастурининг қабул қилиниши, амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ислоҳотлар ягона олижаноб мақсад – изчил ва барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик тамойилларга асосланган давлатни, адолатли жамиятни барпо этиш, инсон манфаати ҳамда унинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришга йўналтирилганлиги таъкидланди.

Анжуман иштирокчилари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиш, уларнинг олдидаги тўсиқларни бартараф этиш мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида бўлиб келаётгани, Давлат дастури доирасида эса бу эътибор ўзининг мантиқий давомини топгани алоҳида эътироф этдилар. Тадбиркорлик, яратувчанлик бугун халқимиз турмуш тарзига айланаётгани, хаётимиз шиорига айланиб улгурган «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади», «Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланиши» каби тамойиллар мана шу сиёсатнинг аниқ ўзида акс эттирганлиги таъкидланди.

Албатта, ушбу эътибор замирида тадбиркорилик соҳаси вакилларига билдирилаётган катта ишонч тургани, ўз навбатида тадбиркорлар мана шу масъулият юкини тўғри англаб, мамлакатимиз Президенти, халқимиз томонидан билдирилаётган шундай ишончни оқлаш йўлида бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилишлари лозимлиги айтилди.

Анжуман қатнашчилари юртимизда амалга оширилаётган, ислоҳотлар ўзининг муҳим палласига кирган ҳозирги даврда тадбиркорлар ва ишбилармонлар ушбу ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, локомативига айланиши зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Хусусан, мамлакат иқтисодиёти учун ҳал қилувчи асосга эга бўлган инновацион, илғор технология ва бошқарув усулларини ишлаб чиқаришга киритиш, саноатда ва қишлоқ хўжалигида янги соҳаларни кенг жорий этиш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт хажмини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш соҳасига тадбиркорикни кенг олиб кириш борасида ҳали ишга солинмаган жуда катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Мамлакатимизни ривожлантириш дастурига айланган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда муҳокама қилинаётган Давлат дастурида ўз ифодасини топган ушбу ишларда фаол иштирок этиш, ташаббускорлик кўрсатиш, шу орқали Президентимиз раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни якдил қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда фаолият олиб бораётган барча фаол тадбиркорларнинг асосий мақсадига айланиши лозимлиги таъкидланди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистн фаол тадбиркорлар анжумани иштирокчиларининг мамлакатимизда фаолият юритаётган барча тадбиркорларга Мурожаати қабул қилинди. Мурожаатда

- жамиятимизда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, юртимизнинг барча ҳудудларида юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, замонавий ва фаол тадбиркорлар сафини кенгайтириб бориш;  

- Ўзбекистонимизнинг инновацион ривожланиш йўлига ўтиши, илғор ғоялар, «нау-хау» ва «ақлли» технологияларга асосланган тадбиркорликни ривожлантиришда фаол бўлиш;

- ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни «ўзбек бренди» остида олиб чиқиш, иқтисодиётимизга ташқи инвестицияларни жалб этиш;

- аҳолини иш билан таъминлаш бунинг учун янги иш ўринлари яратишдек эзгу вазифаларни амалга оширишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишини таъминлаш;

- ёшларимиз – келажак бунёдкорларининг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқиши ва баланд марралар сари олға интилишига кенг имкониятлар яратиб бериш, инновация ва инвестициялардан самарали фойдаланадиган янги авлод тадбиркорларини шакллантиришга ҳисса қўшиш

тадбиркорлар ҳамжамияти нопок тадбиркорларга нисбатан муросасиз бўлиши ва уларга нисбатан биринчи навбатда, давлат эмас, балки тадбиркорларнинг ўзлари муносабат билдирадиган ва ушбу муҳит софлигини таъминлайдиган муҳит шакллантириш йўлида ҳаракат қилиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб олинди. 

Тадбир сўнгида O‘zLiDeP шафелигида мана шундай Ўзбекистон тадбиркорлари анжуманини йилда бир марта ўтказиб, унда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида тадбиркорларнинг иштироки билан боғлиқ асосий йўналишларни белгилаб бориш, ҳудудлардаги тадбиркорлик ва инвестицион муҳитни тизимли асосда таҳлил қилиб боришни йўлга қўйиш, қулай бизнес муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган ҳар қандай ҳолатларнинг олдини олиш борасида Олий Мажлисга ва Ҳукуматга таклифлар киритиб бориш, партия ва унинг тузилмалари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда миллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида яқин муносабатларни йўлга қўйиш борасида аниқ ишларни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Тадбиркорлар анжуманидан видеолавҳалар:

Тадбиркорлар анжуманидан фотолавҳалар

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2048
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+