Дўстлик ва яхши қўшнилик шодиёнаси

09.03.2018, 20:16

Дўстлик ва яхши қўшнилик шодиёнаси

Самарали музокаралардан сўнг Душанбе шаҳрининг “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Имомали Раҳмон иштирок этди. 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқларимиз дўстлигининг шонли анъаналари бугун сув ва ҳаводек зарурлиги, ушбу бебаҳо меросни асраб-авайлаш ва ривожлантириш келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз эканини таъкидлади.

Биз ўзбек ва тожик халқлари ўртасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича астойдил ҳаракат бошладик. Ниятимиз ёр бўлиб, эзгу мақсадларимизга эришамиз, иншооллоҳ.

Биз дўстлик ва инсонийлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз билан, аввало, қардош Тожикистон билан ҳамиша дўст ва биродар, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўламиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Кейинги пайтларда маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. Ўтган йили икки мамлакатда Ўзбекистон ва Тожикистон маданияти ва санъати кунлари, кўргазмалар, ижодий сафарлар ва кўплаб бошқа тадбирлар ташкил этилди. Халқларимиз маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлган ушбу анжуманлар одамларга катта қувонч бағишлади.

Тожикистонлик ижодий жамоалар Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг доимий иштирокчиларидир. Ўзбекистон эстрадасининг таниқли намояндалари ва Тошкент цирки ижодкорлари гастроллари билан тожикистонлик санъат мухлисларини хушнуд этиб келмоқда.

Бу галги концерт ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги маданий яқинлик, дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатларининг навбатдаги намойиши бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи давом этмоқда.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2350
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+