“Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

29.03.2018, 21:15

“Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3630-сон қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

 “Обод қишлоқ” дастурининг 2018 йил учун мўлжалланган мақсадли параметрлари ҳамда дастур доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг асосий кўрсаткичлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;

“Обод қишлоқ” дастури доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг молиявий кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;

“Обод қишлоқ” дастури доирасида ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ ва электр энергиясини аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб бериш префернциялари татбиқ этиладиган асосий турдаги қурилиш материаллари рўйхати 4-иловага мувофиқ;

“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш учун туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган махсус штабларнинг намунавий таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. “Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) 6-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

дастурда иштирок этаётган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш;

қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича белгиланган параметрлар ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш юзасидан тизимли мониторинг юритиш;

келгуси йиллар учун “Обод қишлоқ” дастурини тайёрлаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар – буюртмачиларнинг таклифлари асосида тасдиқланган дастурнинг тегишли параметрларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, бажариладиган иш турлари ва ҳажмлари ҳамда молиялаштириш манбаларига келишилган ҳолда аниқлик киритиш.

Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти Республика комиссиясининг Ишчи органи этиб белгилансин ҳамда унга келгуси йиллар учун “Обод қишлоқ” дастурини ишлаб чиқиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш вазифаси юклансин.

Республика комиссияси (Раматов) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, ўн кун муддатда маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли вазирлик (идора)лар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган туман ва қишлоқлар кесимидаги манзилли рўйхатларни тасдиқласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда келгуси йил Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш дастури параметрларини шакллантиришда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2019 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун зарур марказлашган капитал қўйилмалар лимитини кўзда тутсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида ижтимоий соҳа объектлари, йўл-транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик коммуникациялари қурилишига халқаро молия институтларининг кредит маблағларини жалб қилиш учун лойиҳанинг молиявий-иқтисодий ҳисоботини (лойиҳаолди ҳужжатини) ўн беш кун муддатда тайёрлаб, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига тақдим этсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродов вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий ҳисоботлари (лойиҳаолди ҳужжатлари) асосида “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молиялаштирувчи ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ва грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимликлари бир ой муддатда тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ҳар бир туман (шаҳар) ва қишлоқ бўйича махсус штабларни шакллантириб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйсин, шунингдек, ҳар бир объект кесимида тармоқ жадвалларини тасдиқласин ва мониторинг натижаларини ҳар ой якуни билан Республика комиссиясига тақдим этиб борсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, бошқа тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозлари билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўрсин.

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК, “Ўзэлтехсаноат” АК, таркибида қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлган хўжалик бирлашмалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажаришга маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини етказиб бериш учун жойларда савдо шохобчалари – корхоналарнинг фирма дўконлари ва филиалларини комплекс тарзда ташкил этсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси “Давергеодезкадастр” қўмитаси, “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат автомобиль йўллари қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларини хатловдан ўтказиб, уларнинг натижаларига кўра:

мавжуд уй-жойлар, бино-иншоотлар, инфратузилма объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникацияларининг техник ҳолатини ўргансин ҳамда шу асосда уларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилишини;

техник талабларга жавоб бермайдиган ёки ноқонуний равишда қурилган бино-иншоотлар ва қурилмаларнинг бузилишини;

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари туман ҳокимликларининг ер захира фондларига олинишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат автомобиль йўллари қўмитаси “Обод қишлоқ” дастури доирасида туман марказидан қишлоқларгача бўлган йўлларни, қишлоқларнинг марказий кўчаларини ва асфальт билан қопланган йўлларни таъмирлаш, қишлоқларнинг асфальт қопламасиз ички йўлларига қум-шағал қоришма ётқизиш ва пиёдалар йўлакларига бетон қоплама ётқизишни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари асосида амалга оширсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини (ташқи санитария тармоқлари, тандирхона) жойлаштириш ҳамда атроф-ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, ишларни шу асосда амалга оширишни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари учун алоҳида лойиҳа ташкилотларини бириктириб, улар томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, ташқи қиёфасини тартибга келтириш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атроф ҳудудини ободонлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида чиқинди йиғиш пунктларини барпо этиб, тизимли равишда чиқиндиларни йиғиш, олиб кетиш ва утилизация қилиш ишларини ташкил қилсин ҳамда мазкур ишларни бажарадиган корхоналарни зарур транспорт воситалари, техника ва машина-механизмлар билан таъминлаш юзасидан чоралар кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иш билан бандлиги оширилишини таъминласин.

Бунда мавжуд захира ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, бўш турган бино-иншоотларда ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини ташкил этиш, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш ҳамда уларнинг тармоқларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.Р.Холмуродов зиммасига юклансин.

                       

                                Ўзбекистон Республикаси
                                            Президенти                                                                                      Ш. Мирзиёев

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида"ги Фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ


Энг аввало, республикамиз аҳолисининг салкам ярмиси қишлоқ ҳудудларда яшаб келаётганлиги ҳамда уларнинг фидокорона меҳнати, деҳқон, фермер, чорвадор ва миришкорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида дастурхонимиз мўл-кўл бўлаётгани “Обод қишлоқ” дастурининг қабул қилинишида асосий омил бўлганлигини таъкидлаб ўтиш зарур.

Сўнгги йилларда вилоят ва туманлар марказларида ободонлаштириш ва марказий кўчаларнинг меъморий қиёфасини янгилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилаётгани, хусусан 2017 йилда қишлоқ жойларда18 мингдан ортиқ оила учун ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасига эга шинам уйлар барпо этилгани шулар жумласидан.

Аммо ташрифлар давомида олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолидан келиб тушаётган ҳаққоний эътирозлар ва мурожаатлар шундан далолат берадики, аҳолининг уй-жой ва маиший шароитларини яратиш борасида айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. 

Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарларининг масъулиятсизлиги оқибатида уй-жой фонди йиллар давомида таъмирланмасдан, том қисмлари ва ташқи қиёфаси мутлақо талабга жавоб бермайдиган аҳволга келиб қолган.

Бундан ташқари, қишлоқ аҳоли пунктларида электр тармоқлари ва трансформаторлардаги авариялар электр таъминоти тармоқларида кўплаб узилишларни келтириб чиқармоқда, шунингдек, суюлтирилган газ баллонларининг етишмаслиги кузатилмоқда.

Кейинги долзарб муаммолардан бири шуки, ҳудудларда автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари  сифатсиз олиб борилмоқда, ичимлик суви қувурлари ва иншоотлари яроқсиз аҳволга келиб қолган ҳамда оқова иншоотлари санитария талабларига жавоб бермайди.

Яна шуни таъкидлаш зарурки, аҳолининг айрим қисми шундай аҳволга кўниккани, боқимандалик кайфиятига берилгани натижасида ўзининг уй-жойи, ҳовлиси ва томорқасини сақлашга эътибор қаратмай қўйган.

Мазкур ишлар сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари ва Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўғинлари эътиборидан четда қолгани юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларнинг асосини ташкил этади.

Шу билан бирга, жойлардаги фаоллар ташаббуси билан эмас, балки ҳудудларда анъанавий бўлиб қолган ҳашарларни фақатгина “хўжа кўрсин” учун байрам кунларига яқин саналарда юзаки ўтказиш одат тусига айланиб қолмоқда.

Албатта, бундай ҳолатлар ҳеч кимни, айниқса, мазкур ҳудудларда яшаётган аҳолининг барча қатламларини қониқтирмайди. Ушбу вазиятни тубдан ўзгартириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида қуйидагилар, ишлаб чиқилган дастурнинг асосий мақсадлари этиб белгиланган.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарида, аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқда (маҳаллада) аҳолининг яшаш шароитларини босқичма-босқич тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқларнинг (маҳаллаларнинг) қиёфасини замонавийлаштиришга ва қишлоқ аҳолиси учун иш жойларини яратишга қаратилган “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилади.

2018 йилда мамлакатимизнинг 174 та туманидаги 368 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини комплекс равишда янгилаш чора-тадбирлари қабул қилинган дастурнинг устувор мақсадлари сифатида белгиланган.

Дастурда, айниқса, 127143 та уй-жойни таъмирлаш, уларнинг томини, ташқи кўриниши, ён-атрофини ободонлаштириш ишлари алоҳида ўрин эгаллаган.

Дастур доирасида 1535 километр тоза ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган ҳамда қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш учун жами 2083 километр йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида 571 та замонавий автобуслар харид қилиниб, қишлоқ ва туман маркази орасида транспорт қатновини йўлга қўйиш ва ушбу йўналишларда 252 та бекат барпо этиш назарда тутилган.

Халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан 1847 километр электр таъминоти тармоқларини яхшилаш, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 44868 та газ баллони етказиб бериш ҳамда алоқа тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам амалга оширилади.

Маълумки, ижтимоий аҳамиятга эга хизматларни тубдан яхшилаш давлатнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, болалар боғчаси, мактаб, оилавий поликлиникалар ва шу каби бошқа жами 736 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилиб, лаборатория ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

Албатта, жойларда бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорлик асосида бунёд этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Дастурни амалга ошириш вазифаларига тўхталадиган бўлсак, бу борада маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида “Обод қишлоқ” мақсадли жамғармалари тузилади. Бюджет, тармоқ корхоналарининг, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грантлари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағларни ушбу жамғармалар манбалари сифатида белгилаш  кўзда тутилмоқда.

Биргина жорий йилда дастур доирасида назарда тутилган ишларга барча манбалар ҳисобидан 3 триллион 40 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ишончли ва мунтазам равишда йўналтирилади.

Дастурда ўз аксини топган йўналишларни амалга ошириш юзасидан тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларининг меъморий ва техник ечимлари асосида пухта ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида 189 дан ортиқ тажрибали ва малакали лойиҳа институти жалб қилинади.

Ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш, қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли амалга ошириш учун салоҳиятли пудрат ташкилотларини аниқлаш билан боғлиқ танловларни оқилона ташкил этиш, уларни ўтказиш жараёнини назоратга олиш ва бу борада самарадорликка эришишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган ушбу ҳужжатда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг масъуллиги қатъий белгилаб қўйилган.

Зарур моддий-техника ресурсларини жамлаш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан цемент, металлопрокат, ғишт, том ёпиш маҳсулотлари, темир-бетон буюмлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ каби асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларини етказиб бериш учун ҳар бир аҳоли пунктида фирма дўконларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, уларни арзон ва сифатли қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, ишлаб чиқарувчилар учун электр энергияси ва газ етказиб беришда преференциялар назарда тутилган.

Дастурни амалга ошириш билан боғлиқ ишларни оқилона ташкил этиш юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат таркибда доимий равишда фаолият кўрсатадиган Республика комиссияси ташкил этилган.

Ҳар бир қишлоқ кесимида туман (шаҳар) ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан тумандаги сектор раҳбарлари бошчилигида махсус штабларни жорий этиш, жумладан, ушбу штабларга ишларни ҳашар ва хўжалик усулида бажаришни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, молиялаштириладиган ишлар бўйича мавжуд барча имкониятларни жалб этиш, хусусан, солиқ йиғувчанлигини ошириш ва қўшимча аниқланадиган манбалардан маҳаллий бюджет даромадини кўпайтириш каби вазифалар юкланган.

Қайд этилган тизимларга архитектура, санитария ва техник талаблар асосида шахсий мулк эгалари ўз уй-жойини сақлаш, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқларини ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун ҳисоблагичлар ва қарздорликка йўл қўймаслик, ҳашарларда фуқароларнинг бевосита шахсий иштирокини акс эттирувчи жамоа шартномаларини тузиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва “Давархитектқурилиш” қўмитаси қошидаги Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси уй-жой, бино-иншоотлар ва томорқа хўжаликлари мулкдорлари томонидан амалдаги талаб ва қоидаларни бузиш ва риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий кодексига мувофиқ тегишли чоралар кўриши белгиланган.

Мазкур дастурнинг қабул қилиниши ва ҳаётга изчил татбиқ этилиши маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бу борадаги қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда, барча ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини бажариш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этишга хизмат қилади.

  • Кўрилди
    2070
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Shaxnoza2022-04-13 11:47:11

2019 yil obod qishloq dasturiga tushgan bizni mahhala lekin hech qanday ishlar olib borilmagan mahallamiz achinarli axvolda kimga murojat qilishni bilmaymiz bizga yordam beradigan hech kim yoq ajiratilgan mablag qayerga ketganligini hech kim aytmaydi sizlardan iltimos shu dasturni qayta korib chiqishingizni ajratilgan mablaglar qayerga ketganligini organib chiqishingizni soraymiz


Nigoraxon2019-06-10 21:54:50

"Obod qishloq"dasturi mening magistrlik dissertatsiyamning asosiy mavzusi hisoblanadi.


Жахонгир2019-04-16 16:39:31

Олтинсой туман Вахшивор махалласи 2019 йил Обод қишлоқ дастурига киритилган


Abdusalim2018-11-26 11:39:59

Assalomu Aleykum! Men Surxondaryo viloyati Oltinsoy tumani Vaxshivor qishlog'i "obod qishloq"dasturiga kiritilgan yoki kiritilmaganini bilmoqchidim. Agar kiritilgan bo'lsa qanday ishlar amalga oshirilishi kerakligi haqidagi qayerdan qanday bilsam bo'ladi. Iltimos shu haqda ma'lumot bersangizlar...


SEVARA 2018-07-13 18:02:31

oboq qishloq loyihasida o'z uyimni ta'mirlash ushun kam foizli kredit olish uchun qaysi bankga yoki kimga murojat qilsam bo'ladi?


Elbek2018-06-06 11:50:34

obod qishloq loyihasiga o'z qishlogimni qo'shmoqchiman. Loyiha tashkilotchilari bilan qanday bo'glansa bo'ladi???


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+